Нафас олманг: Ўзбекистонда ҳаво билан боғлиқ вазият қай аҳволда ва муаммоларни қандай бартараф этиш мумкин?

Ўзбекистонда куз – бу гулханлар фасли. Ҳар-ҳар жойда йиғилган барглар ёниб туриши ва улар ўзига хос ҳидлар тарқатиши оддий ҳолга айланган. Одатда ушбу гулханлар атрофида олов ўчишини кутиб, бир-бири билан суҳбатлашиб ўтирган одамларни учратиш мумкин.

Сал узоқроқда юзлаб машиналар трасса бўйлаб қатнамоқда. Кимдир арзонроқ деб метан қуйиб олган, кимдир анъанавий бензиндан фойдаланаяпти.

Ушбу манзара фонида биз ўзимиз учун фожиали бўлган бир нарсани сезмаяпмиз – биз нафас олаётган ҳавони йилдан-йилга сифати йўқолиб бормоқда.

Матннинг русчаси: http://old.skoro-hook.ru/2019/11/vdoh-vidoh/

Бу қанчалик фожиали?

──────────

Health Effects Institute ташкилотининг маълумотига кўра, ўзбекистонликлар ҳаво ифлослиги туфайли ўртача 1,5 йиллик умрини йўқотмоқда. Бу дунёдаги энг ёмон кўрсаткичлардан бири.

Ушбу ҳолат ҳавонинг бир кубометрида бўлган зарарли моддалар сонини ҳисоблаш орқали аниқланган. HEI олимларининг фикрича, ҳавода бўлган хавфли жисмларнинг ҳар 5 микрограмми инсон умрини бир ойга қисқартиради.

Баҳорда ўзбек ОАВлари AirVisual ташкилотининг статистикасини эълон қилганди. Унда Ўзбекистон ҳавоси энг ифлосланган 16 та давлат қаторидан жой олган. AirVisual’нинг маълумотларига кўра, мамлакатимизда бир кубометр ҳавога киши соғлиги учун зарарли бўлган 34,3 мкг қаттиқ заррачалар тўғри келади.

Муҳим бўлган бир жиҳатга эътибор қаратишимиз керак. AirVisual ҳаво сифатини йўлдошдан олинган маълумотлар, об-ҳаво маълумотлари ва Тошкентдаги АҚШ элчихонасида жойлашган датчиклар кўрсаткичларини умумлаштирган ҳолда аниқлайди. Элчихона саноат ҳудудида жойлашганлиги тадқиқот натижаларига таъсир қилиши мумкин.

Қўшни давлатларда ҳам вазият яхши эмас. Ўтган йили Қирғизистонда  ифлослантирувчи моддалар 2011 йилга нисбатан 20 минг тоннага кўпайгани аниқланган. Энг кўп чиқиндилар ҳажми мамлакатда 2015 йил қайд этилган – 61 минг тонна. Қозоғистонда ҳам бу борада муаммолар мавжуд. Мамлакатда бир кубометр ҳавога 29,8 мкг зарарли заррачалар тўғри келади.

Ўзгидрометнинг расмий баёнотига кўра, Тошкентда ҳаво ифлосланиши 2006 йилдан бери Атмосферанинг ифлосланиш индекси бўйича 5 баллдан паст бўлиб келмоқда. Мазкур индекс атмосферада бўлган инсон соғлиги учун энг хавфли моддалар: чанг, углерод оксиди, азот диоксиди, сульфат диоксиди ва аммиак сонини аниқлаш йўли билан ҳисоблаб чиқилади.

Фото: sreda.uz

Бундан ташқари, кўрсаткичлар янада аниқроқ бўлиши учун, азот оксиди, фенол, фторли водород, формальдегид ва оғир металлар сони ўлчанади. Бунинг учун пойтахтнинг саккиз туманида, ҳам одамлар яшайдиган, ҳам саноат зоналарида ҳаво намуналари олинади.

Кўп ўтмай Ўзгидромет аҳолини тинчлантиришга ҳаракат қилди. Аслида AirVisual тадқиқотлари хусусий шахсларга тегишли эканлиги ва йўлдошдан олинган маълумотлар асосида ҳисобланиши таъкидланди.

“Ушбу маълумотлар танишиш ва тавсиявий характерга эга бўлиб, аҳоли, сиёсатчилар ва ишбилармонларнинг ҳавонинг РМ 2,5 майда дисперс заррачалари билан ифлосланиши тўғрисидаги хабардорлигини ошириш мақсадида берилади” – дейилади Ўзгидромет баёнотида.

Ким айбдор?

──────────

Ҳаво ифлосланишининг асосий сабаби – бу автомашиналар. Шунингдек завод ва фабрикалар ҳам бунга ўз “ҳисса”сини қўшади. Дизель автолари 1400 тонна углерод ва 1600 га яқин азот ажратиб чиқаради. Заводлар ва иссиқлик электростанциялари атмосферани қўрғошин, олтингугуртли газ, фенол, радон, легионеллар ва чанг билан тўлдиради.

БМТнинг атроф-муҳит масалалари бўйича махсус маърузачиси Дэвид Бойднинг баёнотига кўра, дунёда ҳаво ифлосланишининг асосий омиллари – бу электр қуввати ишлаб чиқариш, саноат жараёнлари, фойдали қазилмаларни кавлаб олиш, қишлоқ хўжалиги фаолияти, чиқиндиларни нооқилона йўқ қилиш ва транспорт. Статистикага кўра, ҳаво булғаниши билан боғлиқ бўлган ҳаражатлар  йилига 5 трлн доллардан ошади.

Фото: Амаль Алтыбаев

Экология ва табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг маълумотига кўра, Тошкентда зарарли чиқиндиларнинг 90 фоизи автотранспорт воситаларига тўғри келади.

Бизга нима ёрдам беради?

──────────

Атмосферанинг ифлосланиши муаммоси, албатта, фақат бизда эмас. Ўнлаб давлатлар, жумладан ривожланган мамлакатлар ҳам, ҳавонинг тозалиги учун курашмоқда.

Бу масалада энг илғор тажрибалардан бири Хитойнинг Гуанчжоу шаҳрига тегишли. Ҳаво булғанишига қарши курашиш учун маҳаллий ҳокимият шаҳарнинг тарихига мурожаат қилди – қачонлардир Гуанчжоу мамлакатнинг велосипед пойтахти бўлган. Айнан альтернатив транспорт воситаси ушбу шараҳарда зарарли чиқиндилар камайишига ва ҳавонинг кундан-кунга тозаланиб боришига ёрдам бермоқда. Охирги бир неча йил ичида Гуанчжоуда кўплаб велосипед йўлакчалари ва велосипедчилар учун светофорлар пайдо бўлди. Шаҳар аҳолиси эҳтиёжи учун 86 мингта велосипед тақдим этилган. Одамлар оддий йўловчилик чиптасига велопедларни ижарага олишлари мумкин. Гуанчжоу тажрибасини Хитойнинг бошқа шаҳарлари ҳам қўлламоқда.

Россиянинг йирик шаҳарларида ҳам “эко-мобиллик”ка ўтиш тенденцияси кўзга ташланади. Мамлакатда, велосипедлардан ташқари, “Евро-4” ва “Евро-5” классларига мос келувчи замонавий автобуслар жорий этилмоқда.

Бундан ташқари Москвада “Евро-3”дан паст бўлган юк машиналарининг Учинчи транспорт халқасига (“ТТК”) ва “Евро-2” дан паст бўлган “грузовик”ларнинг Халқа автомобиль йўлига (“МКАД”) кириши тақиқланган.

Перуда муаммонинг “фантастик” ечимини топишган. Мамлакат олимлари реклама баннерларининг ҳавони тозаловчи прототипини яратишган. Ўрнатилган таблолар асосий термодинамик қонунлар туфайли ишлайди. Ифлосланган ҳаво сув орқали ўтказилади. Сув бактерия ва чанг каби ҳавони расволайдиган нарсаларни ўзида ушлаб қолади. Сўнг тозаланган ҳаво ташқарига чиқарилади. Ушбу мосламани яратган олимларнинг таъкидлашича, битта реклама таблоси ҳар куни шаҳарнинг 100 000 м3 ҳавосини тозалаб, 1200 та дарахт ишини бажаради.

Европанинг бир қатор давлатларида ҳавони ифлослантирадиган автотранспортлардан фойдаланиш жарима тўлашга олиб келади. Германияда жарима миқдори 40 евро, Швецияда – 113 евро. Лондонда эса анча юқори – йирик транспорт воситалари учун 1 205 евро.

Ўзбекистон қандай курашмоқда?

──────────

Нотоза ҳаво билан курашиш бизда 2007 йилдан бошланган. Ўшанда юк кўтариш қобилияти ўртача бўлган эски транспорт воситаларини олиб кириш чекланганди. Кейинроқ, 2010 йилда, “Евро-3” экологик стандартига мос келмайдиган барча транспортларни киритиш тақиқланди.

“Тошшаҳартрансхизмат”нинг маълумотига кўра, бугун пойтахтнинг автобус парки “Евро-2” экостандартли 662 та автобусдан иборат. “Евро-3” автобуслари 572 та, “Евро-5” эса 131 тани ташкил қилади.

Жорий йилнинг охиригача сиқилган газдаги 190 та замонавий автобуслар харид қилиш режалаштирилган. Ушбу автобуслар ўзларининг дизельда юрадиган аналогларига нисбатан атмосфера учун 10 баравар хавфсизроқ.

Фото: Наталия Шулепина, sreda.uz

Мамлакатдаги корхоналар ҳаво шароитларига қараб ҳисобот олиб бориши керак. Зарарли чиқиндилар ҳажмини қисқартириш учун, зарур ҳолларда улардан ишлаб чиқариш темпини камайтириш талаб этилади. Ҳозирги кунга келиб атмосфера учун потенциал хавфли бўлган деярли барча завод ва фабрикалар шаҳар четига бутунлай кўчирилган.

Мен қандай қилиб ёрдам беришим мумкин?

──────────

Ҳаво ифлосланиши глобал муаммо эканлигини инобатга олган ҳолда, мутахассислар бир фикрга келишган – ҳар бир инсон атмосфера тозалигига ўз ҳиссасини қўшиши мумкин.

Ҳар бир киши вазиятни ўз кучи билан ўзгартира олади. Бунинг учун дарахтлар экиш, пиёда кўпроқ юриш ёки атроф муҳит учун зарарсиз бўлган транспортдан фойдаланиш, ҳовлиларни озода тутиш ва электр асбобларини, агар улардан фойдаланилмаётган бўлса, доим ўчириб қўйиш тавсия этилади.

Бундан ташқари, уй шароитида гул ўстириш ҳам самарали восита ҳисобланади. Хоналардаги ҳавони тозалаш учун систематик равишда “намли уборка” қилиб туриш, алмашинувчи фильтрлари бўлган махсус ҳаво тозалагичлар ва ионизаторлардан фойдаланиш, шунингдек тез-тез ҳавони янгилаб туриш маслаҳат берилади. Бу ишларни айниқса маиший кимёвий воситалардан фойдаланилгандан кейин қилиш керак.

Хулоса ўрнида

──────────

Муаммо кенг миқёсли ва мураккаб бўлишига қарамай, йўқотишларни камайтиришнинг имкони, албатта, бор. Юқорида таъкидланганидек, ҳаво ифлосланиши муаммоси билан бутун дунёда, жумладан Ўзбекистонда ҳам, курашиб келинмоқда. Атмосферани тозалигини сақлаш ва ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган чоралар қанчалик самарали эканлигини вақт ўтиши билан билиб оламиз.

У нас еще очень много хороших статей! Поэтому подпишитесь на Telegram-канал — там вы точно ничего не пропустите.

──────────

Саййидбек Назриллаев. Таржимон: Жавоҳир Очилов

Расскажите друзьям: