Нима учун феминизм барча учун фойдали?

Фаина Ягафарова ҳозирги давр феминизми нима эканлиги ва нима учун у бизнинг мамлакатимизга кераклиги ҳақида сўзлаб беради.

Матннинг русчаси: http://old.skoro-hook.ru/2019/11/feminism


Феминизм — бу хотин-қизлар ҳуқуқлари учун курашувчи ҳаракат. Дунёнинг кўп мамлакатларида қонунлар аёлларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминламайди. Бизда эса бу борада муаммолар йўқ. Бироқ тенг ҳуқуқлилик — тенг имкониятлар, дегани эмас. Ўзбекистонда аёллар кўп ҳолларда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қила олмайди. Шунинг учун биз ҳуқуқларимиздан фойдалана олишимиз учун шароитлар бўлишини хоҳлаймиз. Бунинг учун бизга нима тўсқинлик қилаяпти, дейсизми? Бунга бир қатор муаммолар йўл қўймайди, биринчи ўринда — гендер масаласи.

Бизда эркак оила бошлиғи ва пул топувчи сифатида кўрилади, аёл эса хонадон бекаси ҳисобланади. Бутун жамият ушбу стереотиплар асосида қурилган.

Қизларимизни ёшлигидан турмушга чиқиш учун тайёрлашади, уларга уй ишлари ўргатилади. Қизларнинг таълим олиши унчалик муҳим эмас. “Турмушга чиқсанг, эринг боқади”, — дейишади. Хотин-қизлар онггига  гендерлик роллар билан бирга ўқитилган ночорлик характери сингдирилади. Жамиятимизда аёлга эркакнинг буюми деган кўз билан қаралади.

Бизда эрга тегмаган, боласи йўқ, карьерасини биринчи ўринга қўйган аёллар маъқулланмайди. “Йигирма бешга кирибсан, ҳалиям турмушга чиқмадингми? Тағин ёлғиз қолиб кетма”, — деган насиҳатлар янграйди.

Ушбу стереотиплар аёлларга ўз ҳуқуқларини амалга ошириш учун қандай тўсқинлик қилади?

Ишлаш ҳуқуқи ҳар бир фуқарода бор, лекин тадқиқотларга кўра, мамлакатимизда 80 фоиз эркаклар ўз аёлларини ишлашини хоҳламас экан. Иш берувчилар ҳам аёлларни ишга олишни унча истамайди. Сабаби – аёллар ҳомиладор бўлиб қолиши, “декрет таътили”га чиқиб кетиши ва туғиш бўйича нафақа сўраши мумкин. Бу хотин-қизларнинг иш билан таъминланиши даражасини пасайишига олиб келади. Уй юмушлари учун эса ҳеч қандай маош тўланмайди. Ишлаб пул топмайдиган аёллар кўпинча оила аъзоларининг таъна ва сиқувларига дучор бўлишади.

Аёлларнинг олий ва ўрта махсус таълим олиш ҳуқуқи, ўз танасига ўзи хўжайинлик қилиш, эркин ҳаракатланиш, оилавий бюджетдан эри билан тенг равишда фойдаланиш каби ҳуқуқлари ҳам чекланган.

Тўғри, эркакларнинг ҳуқуқлари ҳам бузилади, лекин бунда жинсий аломат асосан бўлмайди. Яъни эркакларимиз ҳуқуқлари уларнинг эркак эканлиги учун бузилмайди. Шунинг учун феминизм ва БМТ каби баъзи ташкилотлар жинсий камситилишни зўравонликнинг бир тури сифатида баҳолайди.

Феминизм ҳеч кимни жинслараро урушга чақирмайди, ёки аёлларни тезда уй ишларини ташлаб, иш карьерасини қуришга мажбурламайди. Биз хотин-қизларга ўзларининг қонуний ҳуқуқларини амалга ошириш учун имконият яратиб берилиши тарафдоримиз.

Нима учун давлат аёлларга ушбу имкониятларни бериши керак? Мисол сифатида имконияти чекланган инсонларни келтириб ўтамиз. Маълум сабабларга кўра улар учун автобусларда махсус ўриндиқлар, кўчаларда пандуслар бўлиши керак. Уларнинг баъзилари ёнида кузатувчиларисиз  ҳаракатлана олмайди.

Шунинг учун давлат уларга имкон қадар ушбу шароитларни яратиб беришга интилади, бу унинг вазифаси. Бундан ташқари, Ўзбекистон “Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғриси”даги Конвенцияга имзо чеккан. Демак давлат зиммасига гендер нотенгликни йўқотиш бўйича бир қатор мажбуриятлар юкланган.

Бироқ қўрқишга ҳожат йўқ, бу матриархат дегани эмас. Биз бор-йўғи амалдаги қонунчиликда келтирилган нормаларга яқинлашмоқдамиз холос.

Ва феминизм барча учун фойдали.

Зўравонлик ва шилқимликка қарши. Ҳаммамиз ўз қизларимиз, опа-сингилларимиз, рафиқаларимиз ва бошқа аёлларимиз хавфсизлигини истаймиз. Аммо жамиятимиздаги кўплаб стереотипларга кўра, аёл оддий бир товар, жинсий эҳтиёжни қондирувчи буюм ва умуман инсоний ҳурматга нолойиқ шахс.

Зўравонлик эркакларга нисбатан ҳам ишлатилади. Аммо улар бу ҳақда гапиришга уялишади, чунки “эркак киши доим кучли бўлиши керак”, деган стереотип мавжуд. Қачонки ҳар бир жинс маълум стандартга мос бўлиши шарт, деган тушунча йўқолса, эркакка нисбатан ишлатилган зўравонлик “инсонга зўравонлик қилинди”, деб баҳоланади. Бу ҳеч қандай уят эмас. Доимий айбдор — бу зўравон кимса.

Ишқий муносабатлар барпо этиш осонлашади. Жамият эркакларга “эркакдек бўлиш” мажбуриятини юклайди. Яъни аёл билан биринчи бўлиб танишиш, унинг муҳаббатини қозониш, ҳар-хил йўллар билан ўзининг довюраклигини кўрсатиш — бу эркакнинг вазифаси ҳисобланади. Аёл киши эса ўзини забт этиб бўлмайдиган қалъадек тутиши керак. Бундай муносабатлар катта ҳажмдаги ғайрат-шижоатни талаб қилади. Ва бу ҳаракатлар ўзини оқлайдими-йўқми — олдиндан билиб бўлмайди. Шунинг учун агар йигит киши кўп қизлар билан “юрса”, бу нормал ҳолат ҳисобланади, агарки қиз боланинг ҳатто битта “йигит”и бўлса, унга енгилтак деган кўз билан қаралади.

Тенглик ҳукмронлик қилган жамиятда аёл киши эркакка ўз симпатиясини биринчи бўлиб намойиш эта олади. Эркакни бирор бир жойга таклиф қилган, унга совға берган аёлнинг устидан ҳеч ким кулмайди. “Загс” тузоқдек таасурот қолдирмай қўяди.

Агар аёлларга ўзини ўзи таъминлаш имкони берилса, улар пули кўп эркакка эмас, ўзи севган инсонига турмушга чиқишади.

Оила қуришга ва фарзанд дунёга келтиришга анча онгли равишда ёндошилади. Эрга тегиш учун ҳомиладор бўлиб олиш тажрибаси эскиради. Турмушга чиқиш аёлнинг асосий мақсади бўлмай қолади. Болалардан “шантаж” ва манипуляция учун фойдаланиш камаяди.

Бутунжаҳон банки ва Халқаро меҳнат ташкилоти маълумотларига асосланган тадқиқотларга кўра, сиёсий органларда аёллар қанча кўп бўлса, мамлакатда коррупция шунча кам бўлади. Аёлларнинг меҳнат бозорида ўз потенциалини амалга ошириш имконияти улкан макроиқтисодий фойда келтириши борасида ҳам кўплаб далиллар бор.

Масалан, баъзи ҳудудлар меҳнат бозорида гендер бўйича табақалаш оқибатида киши боши ЯИМининг 27 фоизигача йўқотади (Cuberes and Teignier, 2012)

Халқаро меҳнат ташкилотининг маълумотига кўра, аёлларнинг ишлаши, хоҳ пул тўланадиган иш бўлсин, хоҳ тўланмайдиган бўлсин, ривожланаётган давлатларда қашшоқликнинг қисқаришига етакловчи энг кучли фактор бўлиши мумкин (Heintz, 2006).

Феминизм — аёллар эркаклар ўрнини эгаллайди ёки уларга ўхшашга интилади, дегани эмас. Феминизм танлаш эркинлиги бўлишини ёқлайди ва келажакда сизнинг қизларингиз ҳозирги кундаги аёлларга нисбатан кўпроқ ҳуқуқ ва имкониятларга эга бўлишини истайди.

У нас еще очень много хороших статей! Поэтому подпишитесь на Telegram-канал — там вы точно ничего не пропустите.

Расскажите друзьям: