«Ўзбек тили фақат ўзбеклар учунми?» Нега мамлакатда ҳануз давлат тили билан боғлиқ муаммолар бор?

Матннинг русчаси: http://old.skoro-hook.ru/2019/08/problema-uzb/

Охирги икки йил Ўзбекистон тил муаммосига тез-тез дуч келмоқда — баъзи мансабдорлар рус тилида гапирганларга эътироз билдираяпти, баъзи маданият арбоблари рус тилига давлат мақоми бериш учун петициялар уюштираяпти, давлат эса яна бир бор алифбони ўзгартиришга уринмоқда.

Ўзбек тили давлат тили бўлишига қарамасдан, ушбу тилни билиш даражаси аҳоли орасида юқори эмас. Ҳатто ўзбек тили соҳиблари ҳам тилни мукаммал билишмайди, баъзан улар грамматика қоидаларидан бехабар ва турли хил шеваларда гапиришади. Она тилиси ўзбек тили бўлмаган аҳоли орасида давлат тилини биладиганлар сони ҳамон пастлигича қолмоқда.

Hook.report’нинг илтимосига биноан маданиятшунос ва тилшунос Алексей Улько ўзбек тилининг жамиятдаги ўрни ва унинг келажаги ҳақида гапириб берди.

Бугунги Ўзбекистонда тилнинг оғир ҳолати: социолингвистикага саёҳат

──────────

Ҳар қандай тилшунослик энциклопедиясини очиб қарасак, ўзбек тили бой тарихга эга бўлган, энг йирик ва энг муҳим туркий тиллардан бири эканлигини билиб оламиз. Ушбу тил бошқа туркий ва туркий бўлмаган  тиллар билан яқин алоқада шаклланиб келган. Умумқабул қилинган қарашларга кўра, ўзбек тили ўзининг энг сўнгги кўринишида 1920 йилларга келиб шаклланган ва 1989 йил Ўзбекистон Республикасининг (ўша пайт ҳали ЎзССРнинг) ягона давлат тилига айланган. Ўзбек тилида 32 миллионга яқин одам сўзлашади. Бироқ реал ҳолат анча мураккаб, муаммоли ва қизиқарлидир. Ўзбек тилининг замонавий контекстдаги ўрнини нима таърифлаб беради? Келинг, аввал ўзбек тилининг баъзи хусусиятларига тўхталиб ўтсак.

Энг муҳим хусусиятлардан бири — ўзбек тилида бир-биридан мустақил бўлган икки даража: расмий ёзма ва унификациялашган (адабий тил билан адаштирмаслик керак) ҳамда жонли сўзлашув тили мавжудлиги. Сўзлашув тили ўнлаб ҳудудий шеваларга бўлинган йирик тўртта диалектни ўз ичига олади.

Давлат ўзини ўзбек тилининг хусусий мулкдори ва қўриқловчиси деб ҳисоблаши — бу Совет тузумидан қолган мерос бўлиб, ўзбек жамиятининг авторитарлиги билан ҳам боғлиқ. Давлат ҳукумат номидан тилнинг тақдирига алоқадор бўлган қарорлар қабул қилади, унинг нормалари ва фойдаланиш қоидаларини белгилайди. Баъзан ушбу ҳаракатлар обрўли академиклар ва раҳбарлардан ташкил топган кичик гуруҳлар фикрига таянган ҳолда амалга оширилади. Ўзбек тилидан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган баҳсли ҳолларда охирги сўзни профессионал тилшунос эмас, ташкилот ёки корхона бошлиғи айтади. Ушбу ҳолат кўпларга табиий бўлиб кўриниши мумкин, лекин замонавий дунё тажрибасида тил ва давлат ўртасидаги ўзаро алоқаларда бутунлай бошқача ёндашувлар қўлланилади.

У ёки бу тилнинг давлат мақоми борасидаги муаммолари ҳақида қайғураётган собиқ Иттифоқ мамлакатларининг аҳолиси учун инглиз тили на Буюк Британияда, на Америкада, на Австралияда, на Янги Зеландияда расмий давлат тили эмаслиги ҳақида фикр юритиш фойдалидир.

Бунинг устига ушбу давлатларнинг бирортасида, Academie Française’га ўхшаш, инглиз тилининг софлиги ва тўғрилигини назорат қиладиган орган йўқ. Шунга қарамасдан инглиз тилининг дунёга тарқалганлиги ва ундаги ўрни ҳақида эслатиб ўтирмасак ҳам бўлаверади.

Биринчиси билан чамбарчас боғлиқ бўлган иккинчи хусусият — бу ўзбек тилининг ўзига хос ҳудудий ва ижтимоий диалектлиги. Бунинг сабаблари 1910-1930 йилларда Ўрта Осиёдаги миллий қурилишнинг ўзига хос хусусиятларига асосланган. Ўшанда бир вақтнинг ўзида асрлар давомида бутунлай бошқача принциплар бўйича ҳаракатланиб келган миллий маданиятлар, давлатлар ва тилларни жонли ва хилма-хил инсоний муҳитдан ажратиб олиш ва шакллантириш бўйича мураккаб ва олдиндан башорат қилиб бўлмас жараёнлар содир бўлганди.

Шуни ёдда тутиш керакки, бизнинг ҳудудимизда миллатларни барпо этиш — жадидлардан бошлаб большевикларгача — ўзаро рақобат ва ҳамкорлик қилган турли хил реформаторлар гуруҳларининг мақсади эди. Миллий-территориал чегаралашдан сўнг шаклланишга улгурган ушбу ўзаро муносабат натижасини турли хил лойиҳалар ўртасидаги ўзига хос муроса сифатида кўриш лозим.

Бошқача қилиб айтганда, бўладиган иш бўлиб ўтган, лекин барчаси ўзгача тус олиши ҳам мумкин эди. Биз яшаётган ҳудудда давлатни ташкил этувчи миллатлар сони олтита эмас, учта ёки ўнта бўлиши, ёки умуман бўлмаслиги ҳам мумкин эди — агар Исмоил Гаспринский ва унинг сафдошларининг 1880-йиллардаги ягона умумтуркий тил яратиш ғояси давомий ривож ва эътироф топганида.

Маҳаллий лаҳжалар ва шеваларни таснифлаш ва тақсимлаш ҳамда уларни келажакда тартибга солиш азалдан сунъий характерга эга бўлган. Аммо айнан ушбу амал кейинчалик тиллар ўртасидаги аниқ чегаралар шаклланишига олиб келган. Шунга қарамасдан ўзбек тилининг ичидаги ҳолат парчаланишнинг юқори даражасига чиққан. Совет ҳокимиятининг ҳам, ҳозирги марказлашган маъмуриятнинг ҳам нуқтаи назарида ушбу хислат доим нонорматив, яъни номақбул тарзда қабул қилинган. Шунга ўхшаш манзара рус тилида ҳам кузатилади. Лекин рус тилида шаҳар диалектларининг унификация даражаси анча юқори, қишлоқ шевалари эса шиддатли тарзда йўқолиб бормоқда.

Ушбу икки фактор биргаликда ҳокимият структурасида ўзбек тили диалектларида гапирувчиларни дискриминация қилинишга олиб келди. Бу эса мамлакатни бошқаришдаги «кланли» тизимнинг қолдиқлари сақлаб турилишига имкон яратди. Шу билан бирга ўзбекларнинг ўсиб бораётган ижтимоий ҳаракатчанлиги шароитида, бутун умр ғузор, маҳалла ва қишлоқларда яшаб келган аҳоли мамлакатнинг бошқа ҳудудларига саёҳат қилмоқда ва катта қизиқиш билан маҳаллий маданиятлар, таомлар ва албатта, шевалар билан танишмоқда. Одамлар бир-бирининг шеваларини яхши ажрата олишмоқда, алоҳида вилоят ва ҳудудлар аҳолисининг характери ва одатлари ҳақида маълум бир тасаввурга эга бўлишмоқда. Аммо тилнинг ушбу ўзига хос хусусиятлари ва жараёнлари расмий даражада умуман акс этмаяпти.

Ўзбек маданиятининг ҳудудий хилма-хиллиги юқорида фақат либослар, таомлар, керамика каби моддий нарсалар даражасида тан олиниб, қўллаб-қувватлантирилмоқда.

Кундаликда аниқ ва равшан бўлган ўзбек тилининг диалектлиги «юксак» миллий маданият соҳиблари томонидан деярли эътиборсиз қолдирилмоқда. Мисол тариқасида ўзбек киносини келтириш мумкин. Кўплаб фильмларда бош қаҳрамонлар фақат Тошкентда яшашади (ёки, масалан, қиз бой хонадонда, йигит Тошкент вилоятидаги қишлоқда яшайди), фақат бир шевада гапиришади (баъзида қишлоқча шева тошкентлик ёшларнинг жаргон сўзларига таққосланади) ва фақат ўша этник ва ижтимоий гуруҳ вакиллари билан алоқада бўлишади.

Қаҳрамонлар Самарқанд, Бухоро ёки Хива шаҳарларига фақат маҳаллий обидаларни кўриш учун боришлари мумкин. У ерда улар ўзларини пойтахтлик сайёҳлар каби тутишади. Ҳудудий хилма-хиллик фильмнинг муҳим мавзусига айланиши уёқда турсин, ҳатто маҳаллий аҳоли билан, унинг маданияти, урф-одатлари ва шеваси билан деярли ҳеч қандай алоқа бўлмайди.

Замонавий ўзбек тилининг учинчи муҳим хислати — бу тилнинг графикаси. Ўзбек тили уч хил алифбодан: лотин, кирилл ва араб ёзувларидан фаол фойдаланиладиган дунёдаги кам сонли тиллардан бири.

Араб тили? Ҳа, Афғонистонда уч миллионга яқин ўзбек яшайди. Улар араб ёзувидан фойдаланишади. Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистон фуқаролари бўлган миллиондан ортиқ ўзбеклар эса фақат кириллчани ишлатишади.

1993 йил жорий қилинган лотин ёзуви инглиз алифбосининг кенг тарқалган диакритик белгиларсиз шакли асосида 1995 йилдаёқ ўзгартирилган. Ушбу графика аввалига 2005 йилда, кейин 2010 йилда, сўнг 2015 йилда ўзбек ёзувининг ягона намунаси бўлиши керак эди. Бироқ ҳозиргача 70 фоизга яқин ўзбек тилида чоп этилаётган босма нашрлар кириллчада чиқмоқда. Лотин ёзуви билан боғлиқ тажриба миллионлаб мактаб ўқувчиларига таъсир ўтказди. Улар мактабда лотинчада ёзилган дарсликларни, уйда эса кирилл ёзувида бўлган китобларни ўқишга мажбур бўлишди. Агарда бир қатор жиҳатларни инобатга олмаганда, ушбу тажрибани  харажатли ва муваффақиятсиз деб аташ мумкин эди.

Биринчидан, лотин графикаси Ўзбекистондаги усиз ҳам чалкаш бўлган тил ва ёзув билан боғлиқ вазиятни янада қийинлаштириб юборди. Бу эса мамлакатда нафақат тил тартибсизлигини кучайтирди, балки нормативлик исканжасини заифлаштириб, ёзма ўзбек тилини оғзаки ҳаётий тилнинг вариантларига яқинлаштириб қўйди. Иккинчидан, лотин графикасини ўзлаштириб олган ёшлар учун компьютер ва смартфонлардан фойдаланиш анча осонлашди. Айниқса ўзаро алоқаларда тил раскладкасини алмаштиришга ҳожат қолмади, ҳатто рус тилидан фойдаланишда ҳам.

Бошқа бир тарафдан, лотин ёзувини жорий этилиши (майли ҳатто инглиз графикаси асосида бўлсин) алоҳида ҳарф ва сўзларнинг графикаси ва эшитилиши орасидаги мувофиқликни топишни қийинлаштирди. Бош ҳарфлар-кў ҳар ҳолда тушунарли: К, М, Е ва О ўзбекчада ҳам, русчада ҳам, инглизчада ҳам деярли бир хил ёзилади ва эшитилади. Лекин кичик ҳарфларни ёзишда (айниқса курсив билан) жиддий муаммолар юзага келади. В, Р, Н ва Х ҳарфлари кирилл ва лотин ёзувларида ҳар-хил товушларни англатади, шунингдек айрим сўзлар ва ҳарф бирикмалари ҳам турлича ўқилади. Масалан, курсивда ёзилган noman ёки pen сўзлари контекстга қараб «потап»/ «noman» ёки «реп»/»pen» деб ўқилиши мумкин.

Фарғона водийсига саёҳат қилсангиз, битта шаҳарнинг тўрт хил шаклда ёзилишига гувоҳ бўласиз: Қўқон (ўзбек кириллчаси), Коканд (русча), Qo’qon (ўзбек лотинчаси) ва Kokand (инглизча).

Ёш болалар кўпинча N ва R қаерда-ю, И ва Я қайси сўзларда ишлатилишини, қандай ҳолларда «х» товуши h’ни ва қачон kh’ни англатишини билмасликларини қўшимча қилсак, ҳатто ўқимишли кишининг баъзан ақли етмайдиган анча мураккаб ва чалкаш манзара ҳосил бўлади. Ушбу ҳолат ўқитувчилар ва олимларни мушкул аҳволга солиб қўяди, аммо, бошқа тарафдан, реал ҳаётда тилдан фойдаланишда маълум мослашувчанлик ва эркинлик бахш этади.

Ўзбек тилининг жамиятдаги ҳолати: ўзбек тилидан ким ва қандай фойдаланади?

──────────

Менинг америкалик дўстим, ўзбек тили ва адабиёти бўйича мутахассис, ушбу саволга оддийгина қилиб жавоб берди: «Ўзбек тили — ўзбеклар учун». Кейин у шуни таъкидладики, ўзбек тилини аслида Ўзбекистоннинг барча фуқаролари билиши ва ундан фойдаланиши кераклиги ҳақида абстракт тушунча бўлишига қарамасдан, амалда бундай бўлмаётганига бир қатор сабаблар бор. Ўзбекистон русийзабонлари ўзбек тилини ўргатиш даражаси пастлиги, ўқитувчи ва дарсликлар йўқлиги ҳақида гапиришади. Бу ҳақиқат, аммо ўзбек тилидан этник ўзбеклардан бошқа деярли ҳеч ким фойдаланмаётганининг ягона сабаби эмас. Ушбу муаммога бир неча қарашлар мавжуд.

Тилнинг асосий ва энг муҳим вазифаси — бу коммуникация: одамлар ўртасида маълум бир маълумот, билимлар, хабарлар, фактлар ва ҳис-туйғуларни етказиш. Ушбу коммуникация амалга ошадиган асосий муҳит — бу оила, кейин қўшнилар ва қариндошлар, сўнг мактаб, иш, давлат ва хусусий идоралар ва ҳоказо. Халқаро тиллардан аксарият одамлар она тили сифатида эмас (демак, оилада эмас), балки фақат билим олиш мақсадида, ижтимоий ва профессионал мулоқот қилиш учун фойдаланишади. Масалан, инглиз тилини бугунги кунда 2 миллиард киши ўрганади, уларнинг 1,7 миллиарди ушбу тилдан иккинчи ёки хорижий тил сифатида фойдаланади. Бу эса тилнинг характерини ҳам, ундаги мулоқот мазмунини ҳам аниқлаб беради.

Ўзбек тилининг юқорида эслаб ўтилган хусусиятини инобатга олиб, унинг иккита катта ва қисман ўзаро кесишиб ўтадиган коммуникация доирасини таърифлаш мумкин.

Оилавий муҳитдан бошланувчи биринчи коммуникация зонаси — бу  оғзаки тилдаги кундалик алоқа доираси. У маълум бир оила, маҳалла, қишлоқ ва туманнинг ўзига хос хусусиятларига кўра шаклланади. Ушбу коммуникацияга киришнинг ягона йўли — муайян бир оиланинг ёки маълум бир жой ва муҳитнинг бир қисмига айланиш. Агар сиз бошқа бир вилоят, шаҳар ёки давлатдан келган бўлсангиз, демак сиз бегонасиз, нари борса меҳмон сифатида қабул қилинасиз.

Мана шунга ўхшаш оила ичидаги мулоқот ўзбек маданиятининг асоси ҳисобланади ва у атрофдагилар учун анча ёпиқ бўлиб қолади. Маҳаллаларда уйларни ўраб олган қалин деворлар бунга яққол мисол бўлиши мумкин. Кўп сонли тўйлар кенг мулоқот учун хизмат қилади. Уларни ўтказишдан асосий мақсад — турли хил гуруҳлар, оилалар ва уюшмалар аъзоларини умумлаштириш.

Ушбу тизим давлат ёрдамига ҳам, ташқи дунё мададига ҳам унча муҳтож эмас. У на тараққиётга, на кенгайишга интилмасада, ички алоқаларни мустаҳкамлаш эвазига ўз аъзоларини равнақ топишига кенг ва қулай муҳит яратади. Бу ерда қариндошлик ва қўшничилик муносабатлари дўстона ва профессионал алоқалардан устун туради. Ушбу тизимни интернационаллашиши ҳақида ҳеч қандай гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Бунга зарурият ҳам, хоҳиш ҳам, имкон ҳам йўқ.

Коммуникациянинг иккинчи доираси давлат томонидан шакллантирилади. У буйруқлар, баёнотлар, хабарлар, янгиликлар, шунингдек, Олий Мажлис йиғилишларидан бошлаб домком билан суҳбатгача бўлган, бошқарув ва маъмуриятчилик жараёнида юзага келадиган кўп сонли ташкилотларга қарашли ҳужжатлар ва коммуникациянинг умумий ҳажми ёрдамида тепадан пастга қараб қаттиқ назорат остидаги матнлар орқали жорий қилинади. Ушбу доира пастдаги барча йўналишлар бўйлаб тарқалади. Биринчи доира билан туташиб, у турли хил контекстлар ва коммуникация шаклларини (энг умумийси — профессионал ва маъориф фаолият) ҳосил қилади.

Ўзбек тилининг ушбу доирадаги ўзига хос хусусияти — тор шаклдаги миллий дискурснинг чегарасидан чиқишни англаган ҳолда амалга оширилган марказлаштириш ва нормативликнинг бирга қўшилиши. Марказлаштириш амалиётига мамлакатда бошқа этнослар ва тил бирлашмалари борлигигина сабаб бўлолмайди. Бу ерда кенг маъновий қатламлар мавжудлигини, уларда ғоя ва мазмунлар олдин бошқа тилларда пайдо бўлиб, кейин ўзбекчага ўгирилишини ҳам таъкидлаш лозим.

Совет даврида социалистик бошқарув, ишлаб чиқариш, таълим, хизмат кўрсатиш, шаҳарсозлик соҳаларидаги кўплаб маънолар энг аввал рус тилида ифодаланган.

Бундай ҳолатда ўзбек тилида сўзлашувчиларнинг кўпи учун ушбу контекстларни ўзбекчага таржима қилинишини, кейин уларни ўзбек дискурсига натураллашишини кутишдан кўра, русчани ўрганиб,  мустақил равишда ишлаш қулайроқ эди. Бу ишдаги икки тиллиликни ривожланишига олиб келди. Маълум бир муаммо ва мавзулар ўзбек тилида, бошқалари эса рус тилида муҳокама қилиниши мумкин эди. Ушбу тизим, ўзбек бўлмаган этнос вакилларининг қисқаргани ва ўзбек профессионал тилининг мустақиллиги кучайишига қарамасдан, турли аспектларда ҳозиргача сақланиб келмоқда.

Ўзбек тилининг ўрни ва мақоми ҳақида гапирарканмиз, унинг бошқа тиллар билан ўзаро таъсирини четлаб ўтолмаймиз. Ўзбекистоннинг баъзи ҳудудларида ўзбек тили қорақалпоқ ва тожик тиллари билан бир қаторда ишлатилади ёки уларга ўрнини бўшатиб беради. Қорақалпоқ тилида гапирувчиларнинг асосий қисми нисбатан олис ва аниқ белгиланган ҳудудда яшайди. Тожик тили соҳиблари эса Ўзбекистоннинг марказий ва жанубий қисмларида яшашади. Барчага маълум бўлган Самарқанд ва Бухородан ташқари, улар Денов, Фарғона водийси  ва бошқа туманларда ҳам истиқомад қилишади. Уларнинг деярли барчаси икки тилдан фойдаланади.

Рус тили билан боғлиқ вазият анча мураккаброқ ва чигалроқ. Ўзбекистонда рус тилининг моҳияти оила ичидаги ва коммунал алоқа тилидан устунроқ.

Мамлакатда этник руслар аҳолининг 4-5 фоизини ташкил қилади. «Европалик»лар ёки «русийзабон»ларни ҳам қўшиб ҳисобласак, уларнинг умумий сони 10-15 фоиз бўлиши мумкин. Парадокс шуки, рус тилида гапирувчиларнинг асосий қисми этник ўзбеклардан ташкил топган. Бу ерда, ниҳоят, тил компетенцияси деган муҳим тушунчани эслаб ўтиш шарт.

Оддий бир ҳақиқат бор, лекин унга кўпинча эътибор берилмайди. «Туркий», «герман», «славян», «семит» каби тушунчалар энг аввало лингвистик категорияни ифодалаб беради. Аммо ушбу тушунчалар XIX-XX асрларда сиёсатчилар томонидан этнослар, халқлар ва уларнинг маданиятини белгилаш учун қўлланиладиган бўлди. Абакан, Андижон ва Анталия шаҳарларида туркий тилларда гапиришади, аммо у ерда турли хил этнос ва маданиятлар вакиллари яшайди. Идиш, волга немисчаси ва африкаанс герман тиллари оиласидан, аммо ушбу тилларда сўзлашувчилар бошқа-бошқа этник гуруҳ ва маданиятларга қарашли. Худди шу қоида халқаро оммалашув олган тилларга ҳам тегишли. Шунинг учун, масалан, рус тилида гапирувчиларни этник русларга тенглаштириш умуман нотўғри.

«Тил соҳиби» тушунчаси ҳам кўпинча ғайриқонуний тарзда мутлақ маънода ишлатилади. Бу эса у ёки бу тилдан фойдаланишдаги реал манзарани бузиб кўрсатади. Бир неча ўн йиллик давомида инглиз тилини уч категорияга бўлиб, ундан она тили, иккинчи тил (ESL) ва хорижий тил (EFL) сифатида фойдаланиб келинмоқда. Ўқитиш методологиялари ҳам ушбу категорияларга қараб бир-биридан фарқ қилади. Шуни тушунишимиз керакки, маълум бир тилдан фойдаланувчиларнинг ҳар бири тил эгаси ҳисобланади. Мавжуд бўлган маълумотларга кўра, ўзбек тилида мамлакатимизнинг 85 фоиз аҳолиси гапиради. Кўпчилиги ўзбеклардан иборат бўлган 80 фоиз аҳоли учун ўзбек тили она тили ҳисобланади. Бироқ бу ерда тил компетенцияси даражасига эътибор қаратиш керак (шу жумладан ўзбек халқининг ҳам). Энг машҳур тил компетенцияси шкалаларидан бири — бу Common European Framework of Reference. Унда A1 дан C2 гача бўлган олтита даража, жумладан ўқиш, ёзиш, эшитиш, суҳбатлашиш каби турли хил тил малакалари мавжуд.

Агар ушбу категорияларни Ўзбекистондаги тил билан боғлиқ бўлган вазиятга қўлласак, ўзбек тилини маълум бир даражада биладиган кишиларнинг сони ортади. Улар «тил соҳиблари» бўлмасалар ҳам, у ёки бу тил компетенциясига эга бўлишлари мумкин. Ўзбекистоннинг русийзабон аҳолиси ўзбек тилини билмайди, деб ўйлаймиз. Лекин вазиятга ойдинлик киритсак, улар ўзбекчани A2-B1 даражаларида тушунишлари, А1-А2 даражаларида оддий диалог олиб боришлари мумкинлиги аниқланади.

Шу билан бирга кўплаб этник ўзбеклар учун адабий тил билан боғлиқ бўлган вазифалар, айниқса нотаниш ва абстракт мавзуларда гапириш баъзи ҳолларда қийинчилик туғдиради. Ушбу мавзулар бўйича матн тузиш ҳақида гапирмасак ҳам бўлаверади.

Бошқача қилиб айтганда, кўплаб ўзбеклар ўз она тилисини С2 даражасида билишади. Бошқа тиллар учун ҳам худди шу ҳолат характерли. Бироқ ушбу вазият рус тили эгалари учун ҳам, ўзбек тилини ўқитишда ҳам катта аҳамиятга эга бўлишига қарамай, умуман олганда ўзбек тилидан фойдаланиш хусусиятларини жудаям ўзгартирмайди. Ўзбек тилида нафақат Ўзбекистонда, Афғонистон шимолида ёки Қирғизистон жанубида, балки бошқа кўплаб давлатларда, жумладан Россия ва АҚШда ҳам гапиришларига қарамай, ушбу тил фақат ўзбекларнинг тили бўлиб қолмоқда.

Таъкидлаб ўтганимдек, рус тили билан боғлиқ ҳолат янада мураккаброқ. Ушбу тилдан фойдаланувчилар сони ҳақида аниқ маълумот йўқ, бори ҳам бир-биридан фарқ қилади. Шунинг учун гипотетик тахминга асосланадиган бўлсак, «европаликлар» деб аталувчи (колонизация ва совет даврида Марказий Осиёга кўчиб келганларнинг авлодлари: рус, татар, украин, яҳудий, немис, арман ва бошқа миллат вакиллари) аҳоли билан бир қаторда кўплаб этник ўзбеклар (эҳтимол, шаҳар аҳолисининг камида ярми) рус тилидан она тили ёки иккинчи тил сифатида фойдаланади ва уни С1-С2 даражасида билади.

Шунингдек ўзбек тилида гапирувчиларнинг жуда кўп қисми рус тилини чегараланган даражада, А1 дан В1 гача билади. Уларнинг сони тахминан аҳолининг 50-60 фоизини ташкил қилади. Бу эса Ўзбекистондаги этник руслар сонидан ўн баравар кўп. Булар тахминий маълумотлар, ва улар тил сиёсатини ишлаб чиқишда йирик аҳамиятга эга. Аммо бу соҳасада ҳеч қандай кенг кўламли тадқиқотлар ўтказилмаяпти. Рус тили турли ижтимоий гуруҳлар орасида кенг тарқалганига қарамай, у расмий мақомга эга эмас, ва ундан фойдаланиш, амалий заруриятдан ташқари, ҳеч қандай тартибга солинмаган. Бу ҳолат рус тилини муносабатнинг маълум соҳаларида мустаҳкам ўрнашиб олишига ва ундан фойдаланишдаги оқилона балансни ўрнатишга имкон яратди.

Мақом масаласи: нима учун ҳамма жойда ўзбек тилида гапиришмайди?

──────────

Шундай қилиб, ўзбек тили Ўзбекистонда, сўзсиз, ҳукмрон ҳисобланувчи ва энг кенг тарқалган тил. Айниқса у оила ичида ва коммунал алоқада асосий тил саналади. Ўзбек тилининг давлат тили ва расмий тил сифатидаги позицияси мустаҳкам, лекин бугунги шаҳар ҳаётининг кўпгина соҳаларида ундан рус тили билан  (охирги пайтлар инглизча билан ҳам) бир қаторда фойдаланилади. Ушбу икки тилнинг бирга тинч-тотув яшаши ва ўзаро муносабатининг характери чуқур ва пухта тадқиқот ўтказишни талаб қилади. Бироқ бундай тадқиқотлар ҳеч қаерда ўтказилмайди, ва шунинг учун ушбу мавзу бўйича фақат тахминий, субъектив таъсуротларга асосланган, демак бенуқсон бўлмаган хулосалар қилиш мумкин.

Шунга қарамасдан ишонч билан айтиш мумкинки, ушбу муаммолар фақат ўзбек (рус) тилини билиш ёки билмаслик тўғрисидаги статик масалада эмас, ва ҳатто ушбу билимнинг даражасида ҳам эмас. Гап энг аввало у ёки бу тилдан фойдаланишни танлаш имкони бор-йўқлигида. Келтирилган маълумотларнинг асосида кўриб турганимиздек, ушбу танлов тахминан 50 фоиз аҳолида мавжуд: улар маълум даражада икки ва ундан кўп тилларни билишади.  Этник «европаликлар»нинг асосий қисмида ва ўзбекларнинг деярли ярмида (асосан қишлоқ жойида яшайдиганларда) ушбу танлов она тилидан бошқа тилни билмаслик ёки паст даражада билиш билан қаттиқ чегараланган.

Ўзбекистонда ва умуман Марказий Осиёда рус тили билан боғлиқ вазият баъзи бир хусусиятлари билан инглиз тилининг глобал контекстдаги ролини эслатади.

Ўзбекистонда рус тилида гапирувчилар орасида этник русларнинг сони кам фоизли эканини инобатга олиб, шуни тахмин қилиш мумкинки, коммуникация актларининг асосий қисми руслар ўртасида эмас, ва ҳатто «европаликлар» орасида ҳам эмас, балки этник ўзбеклар ичида юз бермоқда. Ўзбеклар ўзаро алоқаларда ҳам, бошқа этник ва тил гуруҳлари вакиллари билан муносабатларда ҳам (жумладан узоқ масофада: интернетда, Россия телеканалларини томоша қилишда ёки русча китобларни ўқишда) рус тилидан фойдаланиши мумкин.

Шу сабабли ғоят муҳим бўлган савол туғилади: қай ҳолларда ва қандай контекстларда одамлар ўзбек ёки рус тилини танлашади? Фақат шу саволга жавоб топгач, у ёки бу танлов сабаблари ҳақида мулоҳаза юритиш мумкин ва фақат шундан сўнг: «Нима қилиш керак?», деган савол бериш мумкин.

Қўлимда бу ҳақда ҳеч қандай аниқ маълумот бўлмасада, юқорида таъкидлаган тахминимни қайтараман: рус ёки ўзбек тили эгалари ўзбекчада амалга ошириш қийин бўлган маълумотларни алмашиш жараёнида рус тилини танлашади. Бу каби ҳолат зарур бўлган ахборот ўзбек тилида мавжуд бўлмаса ёки маълумотни рус тилида олиш тезроқ ва қулайроқ бўлса, юзага келиши мумкин.

Шунинг учун, ўзбек тили мамлакатда инсон фаолияти соҳаларини қанчалик тўлиқ ва адекват тарзда қамраб олганини баҳолаш учун қуйидаги масалаларни тадқиқ қилиш лозим: ўзбек тили рус тилига (ёки керак бўлса, инглиз тилига) нисбатан қайси турдаги ахборотни олишни қулайроқ ва тезроқ қила олади (оила ичидаги ва давлат ҳужжатларини ҳисобга олмаганда). Ва ким учун?

Оммавий назорат тилга зарар етказади

──────────

Аниқ маълумотлар ва тадқиқотлар йўқлиги сабабли биз яна гипотеза ва тахминларни ўртага ташлашга мажбурмиз. Ушбу саволга энг аниқ жавоблардан бири шуки, ўзбек тили маълумот таржима қилиниши талаб этиладиган соҳаларда рус ёки инглиз тилига имкониятни бой беради. «Ўзбекчилик» ёки маъмурий бошқарув билан бевосита боғлиқ бўлган соҳаларда, айниқса жойларда, ўзбек тили рақобатдан холи.

Менинг фикримча, ўзбек тилини давлат томонидан тотал назоратга олиниши унинг қўлланиш доирасини жиддий тарзда чегаралаб қўйди. Мисол тариқасида китоб дўконларини келтириш мумкин. У ерда яқингача ўзбек тилида асосан дарсликларни, Каримовнинг китобларини ва қонунчилик ҳужжатларини учратиш мумкин эди. Бадиий адабиёт асарлари эса жуда кам эди.

1995 йили рус тилини ҳар қандай мақомдан маҳрум қилиб, уни ўқитиш ва расман қўллашни чегаралаш билан ҳукумат ўзбек тилидан фойдаланишни кучайтирмоқчи бўлган эди. Лекин бунинг акси юз берди — давлат кўмагидан маҳрум бўлган, аммо унинг назоратида ҳам бўлмаган рус тили ҳақиқатан керакли бўлган соҳаларда ўз ўрнини мустаҳкамлаб олди ва ҳатто маълум даражада ўзбек тилининг ўрнини эгаллади.

Рус тилини давлат тили қилиш талаби билан чиққан ўша зиёлилар бу томонини эътибордан четда қолдиришган. Расмий мақом ушбу тилни давлат назорати ва цензураси исканжасига қайтарган бўларди.

Инглиз тилининг сўнгги йилларда тараққий этиши алоқа учун жонли контекст мавжудлиги билан изоҳланмаса ҳам (мамлакатимизда  инглиз тилида гапирувчи чет элликлар ҳозирча кўп эмас), барибир бугунги кунда пайдо бўлаётган барча маъно ва мазмунларга қисқароқ ва қулайроқ йўл очиб бериши кутилмоқда. Ҳеч бир давлат назоратида бўлмаган ушбу тил глобал коммуникация учун ўзгача потенциалга эга.

Ва ўзбек тили, кенг тарқалган ва барқарор бўлсада, ҳозирги даврда периферияда қолиши, катта бир фольклорли артефактга айланиб кетиши мумкин. Бунга миллий урф-одатларга таянган давлат сиёсати анчагина ёрдам бермоқда.

Тадқиқотсиз муаммо ўз ечимини топмайди

──────────

Бирор бир нарсани ўзгартиришдан олдин, нима айнан ўзгартиришга муҳтож эканлиги ҳақида тасаввурга эга бўлиш керак. Касалликни аниқламасдан, уни даволаб бўлмайди. Бизда нафақат ташхис йўқ, балки аломатлар ҳатто тавсифланмаган. Юқорида таъкидлаганларимнинг ҳаммаси ҳаводан олиб айтилган гаплар. Улар бор-йўғи субъектив таасуротлар ва деярли мавжуд бўлмаган маълумотларга асосланган тахминлар холос.

Мамлакатда деярли ҳеч қандай лингвистик тадқиқотлар ўтказилмайди.

Биз замонавий ўзбек тили қандай аҳамиятга эга эканлигини: ким унда мулоқот қилиши, қандай ресурс ва шакллар ишлатилиши, қандай ахборотлар етказилиши ва бу қай тарзда амалга оширилиши ҳақида илмий маълумотга эга эмасмиз. Ўзбек тилининг ҳудудий диалектлари қандай тараққий этмоқда? Турли хил ижтимоий, ёшга оид ва бошқа гуруҳларда тилдан фойдаланиш динамикаси қандай? Ўзбек тили бошқа тиллар билан биргаликда қандай ҳаракат қилмоқда, унинг гибридлашиш, ўзлаштириш ва мослашув жараёнлари қандай кечмоқда? У қандай коммуникатив талабларни (ва кимнинг талабларини) ҳал қилмоқда, ва қандайларига ечим топиши ёки топмаслиги мумкин?

Шу ва шунга ўхшаш минглаб саволлар бизнинг тилшунос, жамиятшунос, антраполог ва маданиятшуносларимизнинг диққат марказида бўлиши керак. Ҳеч бўлмаса мамлакатдаги тил билан боғлиқ реал ҳолатни тавсифлайдиган чуқур ва ишончли, кенг кўламли ва профессионал тадқиқотлар ўтказилиши лозим. Йўқса биз бу вазиятни таҳлил қилишга ҳатто яқинлашолмаймиз, мавжуд бўлган муаммолар ва уларнинг сабаблари ҳақида малакали фикр билдиролмаймиз.

Фақат шу каби тадқиқотлар вазиятни ўнглаш бўйича рационал ва асосли чора-тадбирларни таклиф қилишга имкон яратади. Таълим соҳасида аслида нималар бўлаётганини билмай туриб, у билан боғлиқ бўлган қонунлар чиқариш мутлақо бефойда.

Хўш, нега биз ўзбекча гапирмаяпмиз?

──────────

Бу саволга жавоб оддий: ўзбек тилида гапирмаётганларда бунга коммуникатив эҳтиёж йўқ ёки чекланган. Энг аввало нега бундайлигини ва қандай эҳтиёж борлигини англаб олиш лозим. Шундан кейингина қандай эҳтиёж пайдо бўлиши мумкинлиги ва уни қай тарзда рағбатлантиришнинг имкони борлиги ҳақида мулоҳаза қилиш керак.

Шу жойда биз таълим масаласига яқинлашиб келмоқдамиз, лекин у энг муҳим муаммо эмас. Дастлабки муаммо тилдан фойдаланиш билан боғлиқ. Гап фақат «эринчоқ русларнинг ўзбекчани ўргангиси келмаслиги»да эмас (лекин бу ҳам бор гап). Юқорида кўрсатиб ўтганимдек, ахборотдан фойдалана олиш ёки алоқа воситаси сифатида ўзбекчани эмас, рус тилини (энди ҳатто инглизчани ҳам) ишлатиш ҳоллари ўзбеклар қилаётган танлов ҳолатига тегишли. Шу пайт мулоқотнинг турли хил иштирокчиларига кўплаб саволлар туғилади.

Ўзбекистонда яшаётган руслар ва бошқа «европалик»лар ўзларининг, жумладан ўзбек тилига бўлган муносабатида ҳам, ирқий ва колониал хурофотларидан халос бўлиши бугунги кунда муҳим ва ҳозирча ечимини топмаган масала ҳисобланади. Давлатнинг вазифаси эса ушбу жараёнга мулойимлик билан стимул беришдан иборат.

Шунинг учун рус тилига «расмий мақом» берилиши давлатга нафақат ушбу тил устидан назорат ўрнатиш ва эгалик қилиш ҳуқуқини қайтарган  бўларди, балки жамиятдаги сиёсий зидликни кучайтириб, тил масаласини сиёсийлашиб кетишига олиб келарди (айниқса Россия раҳбариятининг ўн йиллаб давом этаётган неоколониал сиёсатида тил картасидан фойдаланиб келаётганини ҳисобга олсак). Ўзбекистонда рус тилидан фойдаланиш даражасини ошириш керак, аммо ушбу жараён фақат ихтиёрий кўринишда бўлиши ва сиёсий манипуляциялар воситасига айланиб кетмаслиги лозим, деган фикрдаман.

Рус тили ҳам, русийзабон аҳоли ҳам Ўзбекистонда «ҳимоя»га муҳтож эмас, худди 2014 йил Украинада муҳтож бўлмагани каби. Мамлакатда тил сиёсатини соғломлаштириш ва либераллаштириш  ундаги кўп тиллилик ва кўп маданиятлиликни ривожлантириш учун энг ишончли восита.

Аммо шу билан бирга ўзбек тилининг жонкуярлари ва фидойиларига бир савол билан мурожаат қилмоқчиман: она тилингиз «ўзбеклар тили»дан халқаро тилга айланишини аниқ хоҳлайсизми? Ўзбекчани яхши билмайдиган одамлар сизнинг тилингизда акцент билан, сўзларни бузиб гапиришига қаршимасмисиз? Ўзбекчиликнинг консерватив ва патриархал концепциясига тўғри келмайдиган фикрлар, қарашлар ва ҳис-туйғуларни ўзбек тилида изҳор этишларига розимисиз?

Ўзбек тилининг ижтимоий парчаланганлиги ва диалектлиги ҳақиқат эканлигини тан олиб, фақат Абдулла Қахҳор ва Хайриддин  Султоновлар гапирган «тоза» ўзбек тили бор, қолганлари жаргон ва «бозор тили» ва уларни йўқотиш ёки ўзгартириш керак, деган фикрларни четга суриб қўйишга тайёрмисизлар? Ўзбек тилининг эгаси давлат ёки ҳукумат эмас, ва ҳатто ўзбек халқи ҳам эмас, балки ўзбекчада хоҳлаганини гапирадиган, ёзадиган ва ўқийдиган ҳар қандай киши бўлишига, ва сиз уни назорат қилолмаслигингизга тайёрмисизлар?

Ушбу барча саволларга қониқарли жавоб берилмас экан, ўзбек тилини бошқаларга ўргатиш бўйича аниқ бир ўқув дастурлари ҳақида гапириш ўта мушкул.

Ўзбек тилини оммалаштириш учун нима қилиш мукин?

──────────

Юқорида мен ушбу саволга жавоб беришга ҳаракат қилдим ва энди муаммони сал бошқачароқ ифодаламоқчиман: ҳозирнинг ўзида нима қилиш мумкин? Яна қайтараман, энг аввало реал ҳолатни тизимли тадқиқ қилиш, муаммоларни диагностика қилиш лозим. Афсуски, ушбу муаммоларни ечимини излаш ҳақиқатан дарҳол таълим масаласига бориб тақалади.

Бу ҳақда узоқ гапириш мумкин, лекин умуман олганда таълим соҳаси бизда ўзининг эски ва статик принципларидан воз кечмаган. Таълим ҳамон билим ва диплом билан бирга мақом берувчи муассаса (мактаб, коллеж, университет) сифатида кўрилади. Расмий таълим эса — бу бор-йўғи ўқитиш воситаси, А нуқтадан В, кейин С ва ҳоказо нуқталарни ўз ичига олувчи мураккаб ва чегарасиз жараён.

Бизда тилларни, худди юз йил аввал лотинни ўргатишгандек, ўқитишади: грамматик тузилмалар ва сўзларни ёдлаб олиб, тўғри сўзларни керакли жойга керакли шаклда қўйилса, инсон ўша тилда гапириб кетиши мумкин, дейишади.

Ҳа, баъзан гапириб кетишади, фақат бир неча йиллардан кейин. Институтда ўқиб юрганимда, мен ўзбек тилидан беш баҳо олардим, чунки гапларни сўз туркумларига бўлишни ва, ўзим ҳам унча тушунмасдан, у ёки бу сўз шакллари қайси суффикслардан иборат эканини таҳлил қилишни билардим. Албатта, ўзбек тилини бу тарзда ўрганиш бефойда.

Агар тил компетенцияларига қайтадиган бўлсак, турли вазиятлар учун тилни нафақат турли хил даражада билиш, балки турлича малакага эга бўлиш кераклигини ҳам англашимиз мумкин. Институтда мен гап ва сўзларнинг грамматик таҳлилини қилишим керак эди, мактаб давридаги пахта теримида эса маҳаллий аҳолидан йўлни сўраш ва унинг жавобини тушуниш талаб этиларди.

Ўзбек тили бўйича ҳозирги ўқув курслари ўрганувчиларнинг бошланғич даражасига таяниши керак, бунинг учун эса ўқитишда аниқ мақсад кўзланган диагностик тестлар, уларни жорий қилувчилар бўлиши зарур. Сизга ўзбек тили нима учун керак?

Давлат фармонларини ўқиш учунми? Ёки нутқ сўзлаб қадаҳ кўтариш учунми? Ёки Абдулла Қодирийни асл нусхасида ўқиш учунми? Ёки супачада ишлаётган қурувчилар билан ё бўлмаса Қашқадарёлик қариндошларингиз билан гаплашиш учунми? Ушбу вазиятларнинг ҳар бири ўқитишда алоҳида малака ва ёндошувни талаб қилади. Бунинг учун тегишли бўлган материаллар қўлланилади: ҳар бир даража (А1, А2, В1, В2 ва ҳоказо) учун замонавий коммуникатив дарсликлар, аудио ва видеоматериаллар, маълум стандартлар ва ўқув режалари, ва энг асосийси, малакали ўқитувчилар керак бўлади.

Шу жойда яна бир йирик муаммо, узоқ йиллар олдинга стратегик режа тайёрлаш ва зуд-зарурий буйруқларга содиқликдан воз кечиш зарурияти билан боғлиқ масала пайдо бўлади. Улар ҳеч қачон ҳеч нарсани астойдил еча олмайди. Катта ёшли русийзабонларга ҳозирги ўзбек тилидан таълим бера оладиган ўқитувчиларнинг сони кўп бўлиши учун уларни тайёрлаш керак, тайёргарлик ва ишга жойлаш тизимини ишлаб чиқиш керак. Шу каби ихчам ва маълум мақсадларни кўзлаган курслар ҳар қадамда бўлиши учун таълим соҳасида хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни кучайтириш керак.

Буларнинг барчаси кадрларни тайёрлашни ва уларни моддий томондан рағбатлантириш стратегиясини ишлаб чиқишни, уни қабул қилиш ва навбат билан бажаришни талаб этади. Юқорида таъкидланган ҳар тарафлама тадқиқот ўтказиш зарурлигини инобатга олсак, ким, қандай ва қачон бу иш билан шуғулланиши тушунарсиз, лекин бусиз ҳеч силжиш бўлмайди.

Юқорида айтилганларининг барчасини бозор терминларида якунлайдиган бўлсак, комплекс вазифа ўзбек тилига бўлган талабни ўрганиб чиқиш ва ушбу талабни ошириш йўлларини ишлаб чиқишдан иборат. Шунингдек бир вақтнинг ўзида аниқ мақсадли аудитория учун ўзбек тилини ўргатиш бўйича таклифлар пакетини такомиллаштириш талаб этилади. Аммо, яна қайтараман, муаммонинг биринчи қисмини ечмасдан туриб, унинг иккинчи қисми билан шуғулланиш маъносиз.

Ислоҳотларга бўлган ҳозирги ёндашувда мамлакатда ўзбек тилини тараққий эттириш бўйича узоқ муддатли, даражама-даража ва пухта ўйланган стратегиялар амалга оширилмаслигини англаш қийин эмас. Зулфия шеърларини бозорларда ўқишга ўхшаган таклифлар эса — исталганча.

Шунинг учун биз тилнинг қизиқарли бўлган гибридизация жараёнларини кузатишга мажбурмиз. Биз учун тил стандартлари ва қоидларининг емирилишини, бир тил услубларини бошқа тил услубларига ўтиб кетиб, унинг орқасидан янги ижтимоий синфлар пайдо бўлишини, жумладан ушбу синфлар тил даражасида бирлашишини (инглиз тилли элита ёки бутунлай ўзбек тилида гапирувчи вилоятлик шаҳар диаспораси ва ҳоказолар) кузатиб туриш қолади холос.

Социолингвистика учун бу ғоят қизиқ, мамлакатнинг оддий фуқароси учун эса — унчалик эмас.

У нас еще очень много хороших статей! Поэтому подпишитесь на Telegram-канал — там вы точно ничего не пропустите.

──────────

Алексей Улько. Таржимон: Жавохир Очилов

Расскажите друзьям: