Матннинг русчаси: http://old.skoro-hook.ru/2019/07/sinim-plamenem/
«TEXNOPARK» МЧЖ бир ярим ой давомида фаолият юритиб келаётган компания. Ушбу компания Тошкент ҳокимиятига тўғридан-тўғри, ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев бизнесига билвосита алоқадор ҳисобланади. Бу йил «TEXNOPARK» МЧЖ бир неча миллион газ ҳисоблагичларини ишлаб чиқариш бўйича давлат томонидан буюртма олиши мумкин. Ҳисоблагичларнинг нархи ҳар бир кубометр учун «инвестицион устама» кўринишида истеъмолчиларнинг зиммасига тушиш эҳтимоли бор.
Бунинг устига мамлакатга бир неча йиллардан бери арзон ҳисоблагичлар киритилмаяпти. Ўрнатилаётган асбоблар эса газнинг нотозалиги сабабли тез ишдан чиқмоқда.
Hook.report нега бундай бўлаётгани ҳақида сўз юритади.
Эски кўрсатмалар бўйича янги фармонлар
──────────
25 июл куни Schetchik.uz компанияси сайтида «Газ ҳисоблагичларини ишлаб чиқарувчилар! Тинчлантирадиган дори ичиб олинг» номли ёзув пайдо бўлди. Унда табиий газ ҳисобини назорат қилишда автоматлаштирилган тизимни (соддароқ қилиб айтганда — «марказ» билан боғланган, олдиндан тўланган ҳақ тугаши билан истеъмолчини узиб қўядиган ҳисоблагичларни) жорий этиш масаласи бўйича Вазирлар Маҳкамаси мажлиси протоколининг расмлари келтирилган.
Протоколда айтилишича, мажлис президентнинг 2019 йил 9 июлдаги қарори билан асосланган бўлиб, ушбу ҳужжатда автоматлаштирилган тизим 2022 йилгача яратилиши белгиланган. Протоколнинг мазмуни шундаки, ҳисоблагичларни «TEXNOPARK» МЧЖ ишлаб чиқаради, Миллий банк ва «Узтрансгаз» молиялаштиради. Барча ишлар бир неча йилдан сўнг ўз ниҳоясига етиши керак.
Бироқ протоколда худди шундай автоматлаштирилган тизимни яратиш ҳақидаги қарор 2017 йилдан бери борлиги ҳақида, «Sagemcom» (Франция), «Elster GmbН» (Германия), «Landis & Gyr» (Швейцария) ва «Toshelectroapparat» МЧЖ ХКлар ижрочи ҳисобланиши борасида ҳеч нарса дейилмаган.
«ТEXNOPARK» МЧЖ
──────────
Сал аввалроқ аноним манба Kurbanoff.net канали администраторига Вазирлар Маҳкамаси қарорининг лойиҳаси суратини жўнатган эди. Суратдаги матнга кўра, «Тошкент механика заводи» АЖ номини «Технопарк» АЖга ўзгартириб, «Ўзбекистон темир йўллари» улушини (81,52%) Тошкент ҳокимиятига бериш ва «Артель групп холдинг»ни раҳбар ташкилот қилиб тайинлаш режалаштирилган экан.
Ушбу ҳужжат ҳақиқийлигини тасдиқлашнинг иложи йўқ, қарор лойиҳаси эса норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни муҳокама қилиш порталида мавжуд эмас. 2019 йил 26 июл ҳолатига кўра, «Тошкент механика заводи» АЖ юридик шахслар реестрида амалдаги корхона сифатида кўрсатилган.
Бироқ ўша манзилда (Элбек кўчаси, 61-уй) ўнлаб бошқа корхоналар қаторида 2019 йил 10 июнда рўйхатдан ўтган «TEXNOPARK» МЧЖ ҳам ўрин олган.
«TEXNOPARK» МЧЖнинг юз фоизлик хўжайини компания учун 400 миллион сўм сарф қилишга улгурган Тошкент ҳокимиятидир. 2019 йил 26 июл ҳолатига кўра, компания раҳбари лавозимини Сарвар Саиджаҳонович Аҳадов эгаллаб келмоқда. У Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг компанияларига алоқадор кишилардан бири.
Аҳадов «TECHNO CONTINENTAL» хорижий капитали бўлган акционерлик жамиятининг кузатув кенгашида иштирок этган. Хорижий капитал Британиянинг «Wynex Innovation LLP» компаниясига тегишли эди. Кристиан Ласслетнинг Тошкент ҳокимига тегишли бизнес-империя бўйича суриштирувида «Wynex» Ортиқхўжаевга бевосита алоқадор бўлган компания сифатида кўрилган.
Шунингдек «ижро органи раҳбари» ва Корпоратив ахборот ягона порталига «маълумотни жойлаштирган ваколатли шахс» Элдор Саиджаҳонович Аҳадов эди. Ушбу шахс Сарвар Аҳадовнинг акаси ёки укаси бўлиши мумкин.
Бундан ташқари, «TECHNO CONTINENTAL»га Ласслеттнинг суриштирувида тилга олинган «Macmerry Management LP» компанияси ҳам алоқадор.
«TECHNO CONTINENTAL» ҳужжатларида Сарвар Аҳадов «DREAM PRODUCTION» МЧЖ директори эди. Ҳозирда компанияни Дилмурод Ғоипов бошқармоқда. У Аҳадов билан бир қаторда «POLARIS TECHNOLOGIES» МЧЖ директори сифатида тилга олинган. Жаҳонгир Ортиқхўжаев эса компаниянинг таъсис этувчиси ҳисобланади.
Ушбу битим ҳақида маълумот қисман бўлсада давлат манбаларида ҳам пайдо бўлди. 25 июл куни мамлакатнинг асосий ахборот агентлиги УзА қуйидаги маълумотни чоп этди:
«Ўзтрансгаз” АЖ мутасаддиларининг 24 июлдаги брифингда айтишича, электрон ҳисоблагичларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича Artel компанияси билан музокара олиб борилмоқда.
Газ ҳисоблагичлар 3,4 миллион истеъмолчига “Ўзтрансгаз” маблағи ҳисобидан ўрнатилади. Бу ишлар босқичма-босқич амалга оширилиб, биринчи босқичда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти қамраб олинади».
Ушбу баёнот Вазирлар Маҳкамасининг маслаҳат кенгаши протоколига зид эмас. Яъни «Ўзтрансгаз» ҳисоблагичларни ўз ҳисобидан харид қилади, уларни ишлаб чиқариш учун пулни «TEXNOPARK» МЧЖ Миллий банкдан кредит эвазига олади. Лойиҳаний умумий қиймати, янги биллинг тизимини ҳам ҳисобга олганда, 400 миллион долларни ташкил қилади.
Аммо нюанслар ҳам мавжуд. Илк бор газ назоратининг автоматлаштирилган тизимини яратиш ҳақида айтилган президентнинг 2017 йилги қарорига кўра, лойиҳа учун олган барча кредитларини қоплаш учун «Ўзтрансгаз» 2020 йилдан бошлаб «инвестицион устама» жорий қилиши мумкин. Катта эҳтимол билан қўшимча нархдан «TEXNOPARK» МЧЖдан сотиб олинган ҳисоблагичларнинг нархини қоплаш учун фойдаланилади.
Демак, лойиҳанинг 400 миллион долларлик қийматини ва ҳозирги алмаштириш курсини ҳисобга оладиган бўлсак, 3,4 миллион ҳисоблагичнинг ҳар бири истеъмолчиларга бир миллиондан сўмдан кўпроққа тушади.
Президентнинг аввалги қарори
──────────
Юқорида бир неча бор тилга олинган президентнинг 2017 йил 13 ноябрдаги ПП-3384 сонли қарори ўз вақтида ҳисоблагичлар бозорига зарар етказишга улгурган эди — кўплаб ишлаб чиқарувчиларга Ўзбекистон бозори ёпилди.
«Гап шундаки, мазкур қарор чиққач, кўплаб ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчилар ташқарида қолиб кетди, чунки замонавий ва ҳаммабоп электрон ҳисоблагичларни олиб кириш ноқонуний бўлиб қолди, — дейди Schetchik.uz асосчиси Бобур Умаров. — Ўшандан бошлаб ҳозиргача бир қатор россиялик, украиналик ва белоруссиялик ишлаб чиқарувчилар бизнинг Метрологик хизматлар марказимизга беҳуда ҳужум қилишмоқда. Улар Марказни расмий хатлар билан «кўмиб» ташлашди, икки мамлакатнинг савдо-саноат палатаси даражасидаги мулоқотга чиқишди.
Шу билан бирга қарор сабабли маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳам «мохов» бўлиб қолишди. Тақиқ бор, лекин ўрнини тўлдирадиган ҳеч нарса йўқ. 2017 йилнинг ноябрида ҳисоблагичлар нархи бир зумда ошиб кетди. Масалан, 30 доллар турган ҳисоблаш асбоблари 200 долларгача қимматлади. Иситиш мавсуми эди, халқ қаёққа ҳам борарди?
Ўша «қора кун»гача бизнинг республика бўйлаб 11 та дўконимиз бор эди. Биз янада кенгайишни режалаштиргандик. Энди эса 4 та дўкон қолди, улардан ҳам даромад унчалик кўп эмас. Ишчиларни тарқатиб юбордик. Сотиш учун маҳсулот йўқ. Қарорга кўра, нимаики арзон бўлса, олиб кириш ноқонуний.
Ҳукумат учун энг муҳими — замонавий ҳисоблаш асбобларини жорий қилиш. Ҳисоблагичлар чиқимларни ҳисоблаш ультратовушли датчикларига, термокорректорга, ташқи таъсирдан юқори даражали ҳимояга, қарздорларни ўчириш учун запор клапанига эга бўлиши ва ҳароратнинг катта фарқларига дош бера олиши керак. Лекин бизга, ЯИМи аҳоли жон бошига 1,5 мингни ташкил қиладиган давлатга, бунинг нима кераги бор? Ахир ЯИМи аҳоли жон бошига 30-40 минг доллар бўлган мамлакатларда ҳам энг оддий ҳисоблагич асбобларидан фойдаланишади-ку.
Автоҳаваскорларнинг тилида айтадиган бўлсак, бу каби асбобларни «Ламборгини ҳисоблагичлари» номи билан ифодалаш мумкин. Уларни сотиб олиб, оммавий тарзда ўрнатиш — бу ҳали ҳаммаси эмас. Қани бизда уларга мўлжалланган йўллар? Қани тоза бензин? Қани сервис? Қани онгли ҳайдовчи?
Буларнинг ҳеч бири бизда йўқ. Бундай асбоблар тез бузилиб қолаверади. Бизнинг газимиз метрологик нормаларга кўра энг ифлос газлардан ҳисобланади, чунки таркибида кўплаб аралашмалар бор. Трубопроводларимиз эскирган, газнинг сирқиб чиқиб кетиши жуда осон».
Газнинг ҳолати ҳақидаги маълумотни ҳисоблагичлар билан ишлаш бўйича яна бир мутахассис тасдиқлади. Президентнинг 2017 йилги қарори асосидан ўрин олган автоматик ҳисоблаш тизимини ривожлантириш концепциясига изоҳ берар экан, мутахассис концепцияни фактларни яширган ҳолда ишлаб чиқарилганини қайд қилди. Ҳужжатда, мисол учун, ифлосланган газ хусусида ҳеч нарса дейилмаган.
«Тошкент вилоятида 2006 йил узиб қўйиш клапани ва смарт-карта модули мавжуд бўлган диафрагмали ҳисоблагичлар ўрнатилди. Ишлаб чиқарувчи — Туркиянинг «FederalGas» компанияси. Икки-уч йил ичида ушбу ҳисоблагичларнинг барчаси бузилиб кетди. Моноблокли бажарув (ҳисоблагич+клапан) ҳеч қачон муваффақиятли бўлмайди. «Ўзтрансгаз», ушбу турдаги ҳисоблагичлардан фойдаланиш тажрибасига эга бўла туриб, яна эски хатосини такрорлаяпти», — дейди мутахассис.
«Германиянинг «Эльстер» ишлаб чиқарувчиси лойиҳадан бош тортишининг сабабларидан бир ҳам шунда, — сўзини давом эттиради Бобур Умаров. — Миш-мишларга кўра, немислар трубопровод тармоғини изга тушириш ва газ сифатини умумбелгиланган нормага келтиришни талаб қилишган.
Биз бу йўлни бир неча бор босиб ўтганмиз. Халқ ҳар икки-уч йилда ҳисоблагичларини алмаштиришга мажбур бўлишдан чарчади.
«Гранд» маркали илк электрон ҳисоблагичлар бозорга 2016 йил кириб келган. Бир йил ўтар-ўтмас улар оммавий тарзда ишдан чиқа бошлади. Диққатга сазоворлиги, бошқа давлатларда, Қозоғистон, Беларусь ва Россияда, ушбу ҳисоблагичлар бугунгача тўхтамасдан ишлаб турибди. 2017 йил «Орёл» маркали бошқа бир ультратовушли электрон ҳисоблагичлар пайдо бўлди, лекин улар ҳам «Гранд»нинг тақдирига дуч келди.
Ва бу ҳолат фақат бизда, Ўзбекистонда кузатилмоқда. Мен кўплаб ҳамкорлар ва ҳисоблаш асбобларини чет элга тарқатувчилар билан суҳбатлашдим. У ерларда ҳисоблагичларнинг иккала маркаси ҳам ўз нархий сегментида энг ишончлилардан саналар экан.
Ҳамма гап нотоза газда. Ифлос газни деб ҳисоблагичлар бузилмоқда, пулини эса оддий истеъмолчи тўлаяпти.
Агар ушбу ҳисоблагичлар аналогли механик ҳисоблагичлардан қиммат бўлмаганида, жудаям муаммо бўлмасди. «Орёл», «Гранд» ва «Элехант» электрон ҳисоблагичлари механик асбоблардан сал қимматроқ турарди — 200–400 минг сўм атрофида эди, лекин истеъмолчининг ҳамёнига катта зарар келтирмасди. Янги «бепул» ҳисоблагичлар камида 1 200 000 сўмга тушади (бу ҳали кредиторларнинг фоизлар, лойиҳага бутунлай хизмат кўрсатиш, таъмирий-техник база ва ҳ.к.ни ҳисобга олмаганда).
Баъзи маълумотларга кўра, бизда электрон блокли диафрагмали механик асбоблар ишлаб чиқаришмоқчи. Механик ҳисоблагичлар ўз хусусиятларига эга. Улар бир-икки йилдан кейин ифлос газ туфайли катта ёки кичик томонга қараб 30 фоизгача хато кўрсата бошлайди. Бу эса «Ўзтрансгаз» занжиридаги барча манфаатдор шахслар учун ҳийла-найранглар майдонига айланади. Яна тарқатиб юбориш, яна қайта қуриш — хуллас, тугамас бизнес. Халқ чидайверади».
Буёғига нима бўлади?
──────────
Вазирлар Маҳкамаси маслаҳат мажлисининг протоколи — бу норматив-ҳуқуқий ҳужжат эмас, ва бу протокол давлат органлари ва компанияларни маълум бир тарзда фаолият олиб боришга мажбур қила олмайди. Бироқ протоколда айтилишича, ушбу масала бўйича расмий қарорлар лойиҳалари икки ой ичида ишлаб чиқарилиши керак. Бу дегани, «TEXNOPARK» МЧЖнинг лойиҳа билан ишлашга тайинланиши қатъий бўлиб қолиши мумкин. Ушбу МЧЖ яратилишининг ўзи ҳам мансабдорлар нияти жиддий эканлигини ва бу режа анчадан бери борлигини англатиши мумкин.
Агар шундай бўладиган бўлса, Тошкент ҳокимиятига тўғридан-тўғри ва Ортиқхўжаев бизнесига билвосита алоқадор бўлган компания давлатдан 400 миллион доллар олади. Ушбу маблағ кейинчалик катта эҳтимол билан қўшимча нарх орқали мамлакат аҳолиси томонидан қопланади.
Нима бўлган тақдирда ҳам, Вазирлар Маҳкамасининг потенциал қарорларининг устида президент қарори ҳукмронлик қилишда давом этади. Давлат раҳбарининг қарорида эса «TEXNOPARK» МЧЖ ва янги таклифлар борасида ҳеч нарса дейилмаган. Эски ҳужжатга ўзгаришлар киритиши керак бўлган янги қарор лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталида пайдо бўлиш эҳтимоли ҳам бор.
Агар шундай бўлмаса ва Вазирлар Маҳкамаси «TEXNOPARK» МЧЖни газ ҳисоблагичларини ишлаб чиқарувчиси сифатида белгиласа, демак олий ижро органи президентнинг тўғридан-тўғри кўрсатмасини бузган бўлади.
У нас еще очень много хороших статей! Поэтому подпишитесь на Telegram-канал — там вы точно ничего не пропустите.
──────────
Борис Жуковский. Таржимон: Жавохир Очилов