Матннинг русчаси: http://old.skoro-hook.ru/2019/07/vozrajenie-prezidentu/
2002 йил Хидирназар Аллақулов Термиз давлат университетининг ректорига айланди. 2004 йил уни лавозимидан озод қилишди — Аллақулов МХХнинг ҳудудий раҳбарлари барпо этган коррупцион схемаларга қарши қурашган.
Ўшандан буён Аллақуловнинг ҳақ эканлигини Ўзбекистон судлари ҳам, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси ҳам тан олган. Бироқ Ўзбекистон ҳукумати, жуда кўп йиллар ўтган бўлсада, бу ҳолат юзасидан ҳеч бир муносабат билдиргани йўқ. Қабулхоналарга қилинган мурожаатлар ҳам, очиқ хатлар ҳам жавобсиз қолиб келмоқда.
Аллақулов гап Шавкат Мирзиёев ва унинг атрофидагиларда эканлигини иддао қилмоқда. Айнан Мирзиёев 2004 йили ректорни вазифасидан бўшатиш ҳақидаги қарорга имзо чеккан. Аллақуловга қарши амалга оширилган ўша ишнинг иштирокчилари эса бугунги кунда юқори давлат лавозимларида фаолият олиб бормоқдалар.
Шу сабабли Хидирназар Аллақулов Ўзбекистон президентига очиқ эътироз хати ёзди. Hook.report ушбу хатнинг тўлиқ матнини сизнинг эътиборингизга ҳавола этади.
Сўз боши
──────────
Ҳурматли Шавкат Миромонович!
Мен 13 йил муқаддам суднинг оқлов ҳукми билан оқланганимга ва 2 йил илгари БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича комитети менинг фойдамга қарор қабул қилганига қарамасдан, ҳозирги кунга қадар ҳақ-ҳуқуқларим тикланмади. Шу боис давлатимиз раҳбари сифатида Сизга ушбу эътирозномани ёзмоқдаман ва адолатли ёндашувни сўраяпман.
Миллий суднинг оқлов ҳукми талабларини бажармаган Ўзбекистон Республикаси халқаро ҳамжамиятнинг қандай аъзоси, қанақа давлат ҳисобланадики, БМТда олган мажбуриятини, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича комитетининг қарорини ҳам бажармаса? Комитет қарори ижросини таъминламаётган давлат фаолиятини қандай баҳолаш мумкин?
Боз устига, илгариги тизим шароитида Президентнинг Давлат маслаҳатчилари, Бош вазир ўринбосарлари ҳамда давлатимизнинг муҳим соҳалари, тармоқлари ва ҳудудларида биринчи раҳбар бўлиб ишлаган, лекин субъектив факторга берилганлиги учун лавозимидан олинган ёки жиноий жавобгарликка тортилиб, суднинг ҳукми билан айбдор деб топилган ва жиноятчи деб эълон қилинган ёки озодликдан маҳрум қилиниб, қамоқхоналарда сақланиб келган ёҳуд Жиноят кодексининг қатор моддалари билан устидан жиноят иши қўзғатилганлиги учун чет элга кетиб қолган шахслар Президентлик даврингизга келиб, Сизнинг ташаббусингиз билан ишга тикландилар. Улар жамиятда яна ўрин эгалладилар.
Аммо ушбу жараёнда бир томонлама, табақалаштирилган, дифференциялаштирилган ёндашув кузатилди.
Афсуски, Сизга шахсан таниш бўлганлар давлатнинг юқори лавозимларига қайтарилди. Лекин қонунга сўзсиз итоат этиб, виждонан ҳалол, пок ишлаган, бироқ вазифасидан туҳмат билан четлатилиб, ноҳақ жабр кўрган кадрлар, шу жумладан, суднинг оқлов ҳукми билан оқланган мен ҳам четда қолдик.
Нега уларга нисбатан қилинган адолат мен каби инсонларга келганда оқсаб қолди? Сабаби нимада? Нега бир томонлама ёндашилади? Сиз айтаётган адолатми шу?
Бу ҳолат дискриминациядан, адолатсизликдан бошқа нарса эмас. Қолаверса, жамиятдаги коррупцияни янада чуқурлашувига олиб келиши мумкин.
Ҳаммаси нимадан бошланган эди?
──────────
Менга нисбатан содир этилган қилмишларга, адолатсизликка расман расмий ҳужжат бўйича иштирокчисиз, яъни Сиз имзолаган қарор билан ишдан олинганман.
Гап шундаки, Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 24 майдаги 177-сонли қарори билан Термиз давлат университети (ТерДУ) ректори этиб тайинландим.
ТерДУнинг салоҳияти ва таълим сифатини кўтараман, университет ва унинг атрофидаги коррупцияга ваколатим доирасида қарши курашаман, қонунийликни таъминлайман, бюджет маблағларини талон-тарож қилдирмасдан асрайман деб, мана 15 йилдирки, оила аъзоларим билан зулм кўриб, жабр чекиб келмоқдамиз.
Собиқ Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ)нинг бугунги кунга келиб жиноятчи деб эълон қилинган раҳбарлари 2003 йил 25 январдан бошлаб устимдан юқори идораларга туҳматдан иборат бўлган тақдимномаларни касддан киритди. Прокуратуранинг нопок ва жиноятчи деб топилган мансабдор шахслари менга нисбатан 2004 йил 26 апрелда туҳматдан иборат 6 эпизодли жиноят иши қўзғатди.
“Ўзбекистон овози” газетасининг нопок бош муҳаррири Сафар Остоновнинг имзоси билан газетанинг 2004 йил 20 май ва 28 сентябрь сонларида мен ҳақимда “Ҳолвани ректор, калтакни студент ейдими?” сарлавҳали фельетонлар эълон қилинди. Оқибатда, нохолис Олий ва ўрта махсус таълим вазири Рустам Қосимовнинг босими ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган, лекин Сиз 2004 йил 17 июнда имзолаган 289-сонли ғайриқонуний қарори билан ноҳақ ишдан олиндим.
Жиноят ишлари бўйича Сурхондарё, Қашқадарё ва Бухоро вилоятларининг туман судларидан бошлаб Олий суд билан мамлакатнинг 8 та ҳудудларида жойлашган жами 14 та суднинг судьялари уч йил мобайнида мени суд қилишди. Ноқонуний равишда вақтинчалик қамоқхона (изолятор)ларда ҳам сақлашди.
Бироқ, ушбу судларнинг барчаси мени айбсиз деб топди ва 2006 йил 23 февралда оқлов ҳукми чиқарди.
Протестлар, шу жумладан Бош прокуратуранинг икки марта киритган протестлари судлар томонидан рад этилиб, оқлов ҳукми уч марта ўз кучида қолдирилди ва 2007 йил 5 июнда узил-кесил қонуний кучга кирди. Жиноят-процессуал кодексининг 304-313 моддалари тартибида ҳуқуқларим тикланиши ва менга нисбатан етказилган зарар қопланиши лозимлигини судлар оқлов ҳукмида кўрсатган.
Суд оқлов ҳукми билан бирга Вазирлар Маҳкамасига “Х.Аллақуловнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини тиклаш мақсадга мувофиқ ва лозим” деган мазмунда хат киритди. Бироқ, оқлов ҳукми ва суднинг хати мутлақо эътиборсиз қолдирилди.
ТерДУ ректори вазифасига тиклашни ва мен тақдим этган раддия матни «Ўзбекистон овози» газетасида эълон қилинишини сўраб, фуқаролик ишлари бўйича (ФИБ) судларга даъво аризалари киритдим. Лекин судлар қонунларимизга ўзбошимчалик билан ўзларича ўзгартиришлар киритиб, ноқонуний қарорлар қабул қилди ва даъволаримни рад этди.
Оқлов ҳукми бўла туриб ҳамда ФИБ судлар, ваколатли идоралар ва шахсларга, жумладан Бош вазир сифатида Сизга мурожаатлар қилишимга қарамасдан, ТерДУ ректори лавозимига тикланмадим, “Ўзбекистон овози” газетаси таҳририятига тақдим этган раддия матни эълон қилинмади, етказилган зарар қопланмади.
Мана 15 йилдирки, ишсизман.
БМТга қилинган мурожаат
──────────
Шаъним, ор-номусим ва қадр-қимматим учун БМТ Бош Ассамблеясининг резолюцияси билан 1966 йилда қабул қилинган, Ўзбекистон Республикаси 1995 йилда ратификация қилган, қўшилган “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт” (келгусида — Пакт) номи билан аталувчи конвенция билан берилган ҳуқуқларимдан фойдаланиб, Женевага бориб, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича комитетига 2011 йил мурожаатномамни тақдим этдим.
Комитетдан 2016 йил 25 ноябрда «Иш ҳужжатлари қарор қабул қилиш учун тайёр ва Инсон ҳуқуқлари бўйича комитетнинг 2017 йил 3-28 июлда Женевада бўладиган 120 сессияси муҳокамасига қўйилади» деган мазмунда хат олдим.
Бу даврга келиб Сиз Президент бўлиб сайланган эдингиз.
Сизнинг номингизга уч марта мурожаатномалар тақдим этдим. Менга нисбатан адолат халқаро конвенцияга биноан Комитет томонидан эмас, балки миллий қонунларимиз талабларига кўра давлат томонидан қарор топтирилишига амалий ёрдам беришингизни, шахсий қабулингизни ҳам сўрадим. Лекин бирор-бир чора кўрилмади.
Комитет 2017 йил 3-28 июль кунлари Женевада бўлиб ўтган 120-сессиясида мурожаатномамни кўриб чиқиб, 19 июлда хулосалар ва қарор қабул қилди.
Қарорда “Комитет Х.Аллақуловнинг ҳокимият томонидан ўтказилган босим туфайли лавозимидан озод этиш тўғрисида ариза беришга мажбур бўлгани, ишдан бўшатишда процессуал қонунларга риоя қилинмагани, фуқаролик ишлари бўйича миллий судлар гувоҳларнинг унинг фойдасига берган кўрсатмаларини инобатга олмагани, меҳнат шартномаси бекор қилингани тўғрисидаги буйруқ нусхаси унга ҳеч қачон берилмаганини эътиборга олади” деб ёзилган.
Қарорда: «Комитет факультатив протоколнинг 5-моддаси 4-бандига мувофиқ иш кўриб, унга тақдим этилган фактлар иштирокчи-давлат (Ўзбекистон) пактнинг 14-моддаси 1-бандини, 2-моддаси 3-банди билан биргаликда ва пактнинг 17-моддасини алоҳида ва 2-моддаси 3-банди билан биргаликда бузганлиги ҳақида далолат беради деб хулоса қилади», — деб ёзилган.
Қарорда: «Пактнинг 2-моддаси 3-бандига мувофиқ иштирокчи-давлат Х.Аллақуловга ҳуқуқий ҳимоянинг самарали воситаларини тақдим этиши шарт. Бу пактда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқлари бузилган шахсларга тўлиқ ҳажмда қоплашни талаб қилади. Ушбу ҳолатда иштирокчи-давлат, жумладан: а) Х.Аллақуловга адекват, яъни тўлиқ ҳажмда компенсация тақдим этиши, шу жумладан маҳрум бўлган иш ҳақи ва олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромадлари ва унинг обрўсига етказилган зиён, судда ишни кўриш билан боғлиқ суд харажатлари ва ушбу тақдимномада кўрсатилган бузилган ҳуқуқлари учун; b) Х.Аллақуловга унинг обрўси, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси тикланиши учун сатисфакция(қониқиши)нинг тегишли воситаларини шаҳар судининг 2009 йил 16 январь кунидаги қарорига мувофиқ тақдим этиши шарт» деб ёзилган.
Қайд этиш лозимки, комитет давлатдан қарор бажарилгани ҳақида 180 кун муддат ичида маълумотнома тақдим этишни сўраган.
Комитетнинг қарори Ўзбекистонга 2017 йил август ойида келиб тушган.
Ўзбекистондаги кураш
──────────
Маълумки, конституциямиз бўйича миллий қонунлардан халқаро конвенциялар устун туради. Комитетнинг қарорини бажарилишига амалий ёрдам беришингизни сўраб, Сизнинг номингизга тўрт марта, эътиборингизга етказишни сўраб Бош вазир, Президент Администрациясининг раҳбари ва Президент маслаҳатчилари номларига ўн беш марта мурожаатномалар ва Сизнинг номингизга ёзган ушбу эътирозномани тақдим этдим. Лекин Комитетнинг қарорини бажарилиши бўйича бирор-бир жавоб олмадим.
Менга нисбатан ўз вақтида давлатнинг юқори идоралари ва ҳуқуқни ҳимоя қилувчи органлар томонидан содир этилган адолатсизликлар ҳақида Озодлик радиоси 2018 йил 16 май куни мен билан Ozod Mikrafon форматида бўлган суҳбатни эфирга узатди ва «Собиқ ректор: Ҳуқуқларим бузилгани тан олинган БМТ қарорини Ҳукумат эътиборга олмаяпди» сарлавҳали мақола, sputnik-uz.com сайтида 2018 йил 21 май куни “Собиқ ректор Аллақулов Ўзбекистон ҳукуматидан ўз лавозимига қайта тиклашларини сўрамоқда” сарлавҳали, 22 май куни “Бывший ректор Аллакулов просит президента восстоновить его в должности” сарлавҳали, 6 июнь куни “Собиқ ректор Аллақуловга Бош прокуратура жавоб қайтарди” сарлавҳали ва 3 июль куни “Собиқ ректор Аллақуловнинг Мирзиёевга мурожаатига муносабат” сарлавҳали мақолалар, xabar.uz сайтида 2018 йил 23 май куни “Ўзбекистонда суднинг оқлов ҳукми ва БМТнинг қарори талаблари қачон бажарилади?” сарлавҳали мақола, kun.uz сайтида 2018 йилнинг 7 июнь куни “МХХнинг Сурхондарёдаги ўйинлари. Собиқ ректор адолат истайди” сарлавҳали мақола эълон қилинди.
Менга нисбатан содир этилган ва этилаётган қилмиш ва адолатсизликлардан хабарингиз бўлмаслиги мумкин эмас.
Сизнинг номингизга юборилган мурожаатномаларим, очиқ хатим ва эътирозномамдан Бош вазир Абдулла Арипов, Президент Администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов, Президент маслаҳатчилари Турсинхан Худайбергенов, Умар Исмаилов, Хайриддин Султонов, Абдужаббор Абдувоҳидов, Рустам Қосимов, Президент маслаҳатчиси ўринбосари Маъруф Усманов, Олий суд раиси Казимджан Камилов, собиқ Сенат раиси ҳозирги кунда Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев, Адлия вазири Русланбек Давлетов, Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камиловларнинг ва бошқа шахсларнинг етарли даражада хабарлари бор.
Балки, ҳақиқатдан ҳам мурожаатномаларим Сизга етиб бормагандир. Лекин Турсинхан Худайбергенов менинг масаламда Сиз билан уч марта суҳбатлашганлигини шахсан менга айтган. Менга нисбатан содир этилган қилмишлардан хабардорлигингизни Маъруф Усманов Президент Администрациясининг беш нафар маъсул ходимлари олдида тасдиқлаган. Аммо мурожаатномаларимга Сизнинг муносабатингизни билдирувчи ёзма жавоб олмадим.
Дабдабали нутқлар
──────────
Сиз юксак минбарлардан туриб одамларни рози қилиш, халқнинг ишончини қозониш, адолатли фаолият юритиш Сиз ва давлатнинг бош мақсади эканлигини таъкидлаб келаяпсиз. Лекин амалиётда қани Сиз айтаётган ўша адолат?
Мамлакатда очиқлик ва ошкораликни, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлайдиган тизим-идора сифатида эътироф қилинган Президент портали гўё расмият учун тузилган. Президент номига ёзилган, ижроси таъминланганлиги ҳақида порталда эълон қилиниши ва фуқарога жавоб хати юборилиши шарт бўлган мурожаатларга турли сийқаси чиққан, фуқаронинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилмайдиган иборалар билан жавоб хатлари юборилмоқда. Натижада, Сизнинг юксак минбарлардан туриб инсон манфаатлари ҳимоясига қаратилган нутқларингиз амалиётда қуруқ сўз бўлиб қолаяпди.
Комитетнинг қарорини бажарилишига амалий ёрдам беришингизни сўраб, Президент порталига бир неча марта мурожаатномалар ва очиқ хат юбордим. Очиқ хатимни почта орқали ҳам юбордим. Лекин энг қуйи органлардан сийқаси чиққан ва сафсатабозликдан иборат жавоб хатлари олдим.
Боз устига, Президент порталида мурожаатлар ҳал қилинди деб, ёлғон маълумотлар қайд этилган.
Президент порталининг фаолияти шу бўлса, қуйи идора ва органларидан нимани кутиш мумкин, ахир?
Президентнинг Халқ қабулхонаси фуқароларнинг мурожаатларини бир манзилдан иккинчи манзилга юборишда бир тўхтаб ўтадиган жойдан бошқа нарса эмас. Боз устига, мурожаатлар айнан қилмишларни содир этган идоралар, органлар ва шахсларнинг ўзларига юборилади. Президентнинг халқ қабулхонаси қонунийликни, адолатни таъминлашга қодир эмас, деб ҳисоблайман.
Президентнинг Халқ қабулхонаси бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Маъруф Усмоновнинг қабулида тўрт марта бўлдим. Сизнинг номингизга ёзган мурожаатномамни шахсан унинг ўзига топширдим. Президент маслаҳатчиси Турсинхан Худайбергенов билан суҳбатлашдим. Президентнинг Халқ қабулхонаси мудири Бахтиёр Жамоловнинг қабулида 2019 йил 19 февраль ва 29 март кунлари бўлдим. Сизга ёзган ушбу эътирозномамни шахсан унга топширдим. Лекин, ҳар галгидек мурожаатномалар, очиқ хат ва эътирозномам менга нисбатан жиноий қилмишларни содир этган орган, Бош прокуратурага, юборилган.
Ғалати мурожаатлар ва жавоблар
──────────
БМТ Комитетидаги судлашув жараёнида Ўзбекистон Республикаси номидан давлат Комитетга тўрт марта вербаль (имзосиз) ноталар бериб, асоссиз ва ёлғон маълумотларни тақдим этган эди. Шу сабабдан давлатнинг ноталари Комитет томонидан асоссиз деб топилган.
Бош прокуратурадан айнан ушбу асоссиз ва ёлғон маълумотлардан иборат бўлган жавоб хатлари олдим.
Боз устига, Бош прокуратуранинг 2019 йил 5 мартдаги жавоб хатида: “Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида”ги қонунининг 33- моддасига биноан Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари Ўзбекистон Республикаси томонидан халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ қатъий ва мажбурий равишда бажарилиши лозим.
Шу маносабат билан, Ўзбекистон иштирокчи бўлган халқаро шартномаларнинг талаблари тўлиқ бажарилиб келинаяпди” деб ёзилган.
Ваҳоланки, Комитетнинг қарори қани бажарилганлиги? Фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиши лозим бўлган прокуратура органлари ва мансабдор шахслари қачонгача туҳмат қилиш ва ёлғонни ёзиш билан машғул бўладилар?
Давлат обрўйи
──────────
Жаҳон ахборот маконида Ўзбекистоннинг ижобий имижини шакллантириш ва илгари суриш, мамлакатнинг инвестиция муҳити ва туристик салоҳиятини тарғиб этиш вазифаси зиммасига юкланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёевага Сизнинг номингизга ёзган ушбу эътирозномамни 2019 йил 18 июн куни тақдим этдим ва уни Сизнинг эътиборингизга етказишни сўрадим. Лекин ҳеч қандай жавоб хати олмадим.
Хорижда Ўзбекистоннинг имижини кўтаришга маъсул шахс сифатида 8 июл куни Саида Мирзиёеванинг қабулини сўрадим, аммо қабул қилмади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази (келгусида – Миллий марказ) фаолияти самарадорлигини ошириш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини бажаришнинг таъсирчан тизимини яратиш мақсадида Президентнинг 2018 йил 10 декабрдаги ПҚ – 4056 сонли қарори билан Миллий марказга вазирлик даражасидаги мақом берилди.
Миллий марказ зиммасига ҳар йили Президент ва Ҳукуматга инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этиш юкланган.
Миллий марказ директори Акмал Саидов Президент Администрациясига 2019 йил 25 январда ва Вазирлар Маҳкамаси, Адлия ва Ташқи ишлар вазирликлари ҳамда Олий суд ва Бош прокуратурага: “БМТ Комитетининг фуқаро Х.Аллақуловга тегишли қарори қабул қилинганига 1 йилдан ортиқ муддат ўтган бўлишига қарамасдан, бирон-бир ишлар амалга ошрилмади. БМТ Комитетининг фуқаро Х.Аллақуловга доир қабул қилган қарори ижроси таъминланиши шарт. Ўзбекистон “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт”га 1995 йил 31 август куни қўшилган ва унинг қоидалари Ўзбекистон Республикаси учун 1995 йил 28 декабрдан бошлаб мажбурий. Халқаро шартномаларга Ўзбекистон Республикаси халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ қатъий ва мажбурий равишда риоя этмоғи лозим. БМТ Комитетининг қарори бажарилмаслиги эса Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузига салбий таъсир қилиши мумкин” деган мазмунда 8 марта хатлар юборган. Президент номига ёзган очиқ хатим ва ушбу эътирозномамни илова қилган.
Лекин, Бош прокуратура Миллий марказга: “БМТ Комитетининг қарори билан келишиб бўлмайди” деган мазмунда жавоб хатлари юборган.
Комитет қарори муҳокама қилинмаслиги ва ижроси сўзсиз таъминланиши лозимлигини, бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси мажбурият олганлигини Бош прокуратура билмайдими ёки олинган мажбуриятни ўзбошимчалик ва маъсулиятсизлик билан тан олмаяпдими? Ёки Бош прокуратуранинг мансабдор шахслари андишани билмайдими?
Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ)нинг жавоб хатида: “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 12 ноябрда қабул қилинган 473-сонли қарори билан тасдиқланган халқаро шартномалар бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш зиммасига юкланган Ўзбекистон Республикаси вазирликлари ва идоралари рўйхатида, биринчи галда, Адлия вазирлиги, Прокуратура, Миллий хавфсизлик хизмати ҳамда Ички ишлар вазирлиги белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг бажарилишини кузатиб бориш Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан амалга оширилиши белгилаб қуйилган” деб кўрсатилган.
Бироқ, кузатиб бориш — томошабин бўлиб, жим туриш дегани эмас-ку, ахир. ТИВ халқаро шартномалар бўйича мажбуриятларни бажарилиши ёки бажарилмаётгани ҳақидаги ахборотни юқори ва ваколатли идораларга тақдим этмайдими, ахир?
Олий суднинг жавоб хатида: “Х.Аллақулов ҳуқуқларини тиклаш юзасидан судга ариза билан мурожаат қилмаган” деб ёлғон маълумот берилган.
Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси ва Адлия вазирлиги эса ҳаттоки, жавоб хатлари беришни ҳам ўзларига эп кўрмаган.
Президентнинг ваъдалари
──────────
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларацияси 70 йиллиги муносабати билан Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрида 2018 йил 22-23 ноябр кунлари “Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми” ўтказилди. Форум иштирокчиларига йўллаган мурожаатингизда: “Бизнинг устивор вазифамиз инсон … унинг асосий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашдан иборат” деб такидлагансиз.
Лекин, инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари қани Ўзбекистонда ҳимоя қилинаётгани? Ўзбекистон давлати БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича комитетининг қарорини бажармасдан, қолдираётганига қандай баҳо бериш мумкин?
Улуғнор туманида Андижон вилояти фаоллари иштирокида 2018 йил 19 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида «Ҳамма нотўғри кетганларни қайтараман… Телевизорда кўраяпсиз қайтараяпман. Мен биламан нима учун, улар бир-икки атрофдагиларга ёқмаган, порасини бермагани учун ҳайдалган» деб таъкидладингиз. Андижонда айтган гапингиз нега менга келганда бажарилмаяпди? Гапингизнинг қани амалиётдаги натижаси? Ёки Сизга шахсан таниш бўлганларга тадбиқан айтилган гапми?
Ахир, мен лавозим талашаётганим йўқ-ку.
Ўзингиз хулоса қилинг. Суднинг оқлов ҳукми ва БМТ Комитетининг қарори бўла туриб, ТерДУ ректори лавозимига тикланмаслигим адолатданми?
Ҳақиқат ҳурмати айтишим лозимки, Сиз Олий мажлис Сенатида 2017 йил 21 декабрь куни қилган мурожаатингизда Бош вазир сифатидаги 13 йиллик фаолиятингизни «атрофим чатоқ эди» деб баҳолаб, тан олдингиз.
Давлат миқиёсида олиб қаралганда кичик бир муассаса — ТерДУнинг ректори сифатида атроф чатоқ деб қўл қовуштириб турмадим. Университет ва унинг атрофидаги, жумладан абитуриентларни талабаликка қабул қилишдаги коррупцияга ваколатим доирасида қарши курашиб, чек қўйдим. Ректорлигимга қадар ҳуқуқни ҳимоя қилувчи органлар ҳимоясида бўлган мансабдор шахслар томонидан ТерДУнинг 600.000 АҚШ долларига тенг талон-торож қилинган пул маблағларини университетнинг ғазнаси ва ҳисоб рақамига қайтартирдим.
Президент сифатида Сиз юксак минбарлардан туриб «Ватан хоинлари, ўғрилар, Сурхондарёни титратган» деб номларини энди айтган ва жиноятчи деб эълон қилинган МХХ раисининг собиқ ўринбосари Шуҳрат Ғуломов, МХХ собиқ терговчиси Нодир Тўрақулов, менга нисбатан жиноят иши қўзғатишда раҳбарлик қилган ва айблов хулосасини тасдиқлаган, Бош прокурор Р.Қодировнинг тергов ишлари бўйича ўринбосари бўлиб фаолият кўрсатган Бахтиёр Нурмухамедов ва Сурхондарё вилоят прокуратурасининг жиноят иши қўзғатган, тергов жараёнига раҳбарлик қилган ва олиб борган нопок прокурорлари ва терговчилари кўп марта ТерДУда ноқонунийликларни амалга оширишга уринганларида уларга қарши турдим.
Таҳдидларига қарамасдан, ғайриқонуний талабларини рад этдим. Бироқ, Ш.Ғуломов ва Н.Тўрақуловлар устимдан юқори идораларга туҳматдан иборат тақдимномалар киритди. Б.Нурмухамедов раҳбарлигидаги прокуратура жиноят иши қўзғатди. «Ўзбекистон овози» газетасининг нопок бош муҳаррири С.Остоновнинг имзоси билан мен хақимда туҳматдан иборат фельетонлар эълон қилинди. Сизнинг нохолис ўринбосарингиз Рустам Қосимов менга босим ўтказиб, ноқонуний равишда ариза олди ва Вазирлар Маҳкамасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган, лекин Сиз имзолаган ғайриқонуний қарори билан ноҳақ ишдан олиндим.
Хўп, ўша даврда атрофингиз «чатоқ» экан. Менга нисбатан содир этилган қилмишлар ва ноҳақликнинг оқибатлари нега Президентлик даврингизга келиб ҳам бартараф қилинмаяпди? Ёки ҳанузгача атрофингиз «чатоқ«ми?
Коррупция, шу жумладан таълим соҳасидаги коррупция чуқур илдиз отиб чўққисига чиққан ва мен ишдан олинган ўша даврда Бош вазир – Сизнинг таълим соҳаси бўйича ўринбосарингиз бўлиб ишлаган, кейинчалик лавозимидан четлатилган Рустам Қосимов, таълим соҳаси бўйича Президентнинг Давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлаган, кейинчалик лавозимидан четлатилган Абдужаббор Абдувоҳидовлар Сизнинг президентлик даврингизда қайтарилиб, яна Президент маслаҳатчилари қилиб тасдиқландилар. Улар каби нохолис шахслар Президент Администрацияси таркибида фаолият кўрсатаётганлиги учун ҳам менга нисбатан адолат қарор топмаяпди, деб ҳисоблайман.
Буёғига нима бўлади?
──────────
Президент маслаҳатчиси Турсинхан Худайбергенов, унинг ўринбосари Маъруф Усманов ва Президент Администрациясининг маъсул шахслари билан менинг ўртамда бўлиб ўтган суҳбатларнинг мазмунига кўра менга нисбатан содир этилган жиноий қилмишлардан яхши хабардорсиз, деган фикрдаман.
Ректорларни тайинлаш ваколати бирдан-бир Ўзингизда. Бошқа ҳеч бир шахс бундай ваколатга эга эмас. Менинг масалам шахсан Ўзингизга бориб тақалиб турибди. Лекин, Сиз имзолаган қарор билан ректор лавозимидан олинганлигим учун ҳақлигимни ва менга нисбатан содир этилган кирдикорларни тан олмаяпсиз, тузатишни хохламаяпсиз, ишга тикланишимга шахсан Ўзингиз қарши турибсиз, қонуний ҳуқуқларимдан сиёсий иродангиз ва Сиз имзолаган ғайриқонуний қарор устун қўйилмокда, деб ҳисоблайман. Боз устига, Комитетга қилган мурожаатим ва Комитетнинг қарори ёқмаган, деган фикрдаман.
Менга нисбатан қилмишларни содир этган давлат арбоблари ва шахслар лавозимларида фаолият кўрсатаётган ўша даврнинг ўзида ватанимни тарк этмасдан, ҳеч бир давлатдан бошпана сўрамасдан, бир эмас, балки мамлакатнинг 8 та ҳудудларида жойлашган 14 та суднинг суд мажлисларида қаддимни тик тутиб, шаънимни қатъий ҳимоя қилдим. Нафақат судьяларнинг холислиги билан, балки ор-номусим учун жон бериб, жон олиш даражасигача бориб, аввало Парвардигорнинг меҳрибонлиги ва қудрати туфайли оқландим. Чунки қонунга сўзсиз итоат этиб, ноқонунийликларга қатъий қарши туриб, ректорга юкланган вазифаларни виждонан бажарганман.
Боз устига, ҳақлигим халқаро майдонда ҳам тасдиқланди.
Ҳақлигимни ва менга нисбатан содир этган кирдикорларини нега давлат арбоблари ва органлари тан олмайди?
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича комитетининг ваколатини давлат тан олиб, қарорини бажариш мажбуриятини олган. Аммо комитет давлат учун белгилаган муддат аллақачон ўтиб бўлди. Комитет қарорини давлат ҳанузгача бажармасдан келмоқда. Қарорни на бажаради, на жавоб беради. Қанақа давлат ўзи бу? Комитетнинг қарорини бажармаётган давлатга ким ёки қайси инвестор ёҳуд ҳамкорлар ишонади?
Комитет қарорини бажарса бажараман, бажармаса бажармайман деб жавоб бермайдими? Нега давлат ҳанузгача жим туради?
Комитет қарорини бажариш бўйича иштирокчи-давлат (Ўзбекистон) томонидан тегишли чора-тадбирлар кўрилмаган тақдирда, Комитет томонидан кўриладиган кейинги чора-тадбирлар Комитетнинг 101-қоидасида белгилаб қўйилган. Шу муносабат билан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий Комиссари Мишель Бачелет ва БМТ Бош котиби Антонио Гутерреш номларига кескин ва жиддий эътирозномалар юбордим.
Ҳурматли Президент! Менга нисбатан содир этилган қилмишларга шахсан Сизнинг муносабат билдиришингизни ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича комитетининг 2017 йил 19 июлдаги менга нисбатан чиқарган қарори Ўзбекистон давлати номидан бекам-кўст бажарилишига амалий ёрдам беришингизни сўрайман.
Хидирназар Аллақулов
иқтисод фанлари доктори, профессор
У нас еще очень много хороших статей! Поэтому подпишитесь на Telegram-канал — там вы точно ничего не пропустите.
──────────
Жавоҳир Очилов таҳрир қилди